Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш бўйича таклиф берди
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари фуқароларни қийнаётган ушбу масала юзасидан, аҳоли фикрлари, ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар ва мутасадди вазирлик позициясини ўрганиб, ҳам халқ манфаатлари, ҳам хавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда, ўз таклифларини ишлаб чиқди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда автотранспорт воситаларига эҳтиёт қисмлари билан савдо қилиш дўконларида термал плёнкани учратиш мумкин. Ушбу плёнка бир мунча шаффоф бўлиб, унинг асосий вазифаси автомобиль салонини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақлаб, жазирамада исиб кетишини бир мунча камайтиради.
Шунингдек, йиғилишда ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида таклиф этилаётган термал плёнка билан қопланган автомабиль ойналарининг бир нечта намуналари кўргазмали кўринишда тақдим этилиб, уларнинг афзаллиги ва қулайликлари бўйича йиғилганларга батафсил ахборот берилди.
Тақдим этилган намуналардан кўриш мумкинки, термал плёнка ўзининг хусусиятига кўра, тонировка плёнкасидан анча устунликка эга ва ҳайдовчилар учун ҳам ён-атрофни кўришга халақит бермайди. Энг асосийси, транспорт воситасининг ичидаги шахслар ташқаридан бемалол кўринади ва ҳеч кимнинг хавфсизлигига дахл қилмайди.
Депутатларнинг ушбу ташаббусини йиғилишда ҳозир бўлган Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари қўллаб-қувватлашди ва бу орқали фуқароларимизга автомобилдан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароит яратилиши таъкидланди.
Депутатлар эътироф этганидек, ушбу масалада муаммонинг ечими сифатида Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи таклиф тайёрланмоқда. Яъни, Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандига мувофиқ, транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, ундан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган нормани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Унга кўра, мамлакатимизда ушбу 70 фоиз чеклови 15 фоизга, яъни 55 фоизгача туширилса, ҳайдовчилар бемалол термал плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу эса, нафақат йўловчиларга, балки, ҳайдовчиларга ҳам афзалликлар туғдиради. Депутатлар, шунингдек, ушбу амалиётни жамоат транспортларида ҳам қўллаш мумкинлиги таклифини илгари суришди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан фракциянинг таклифларини Вазирлар Маҳкамасига юборишга келишиб олинди.
👉 @xushnudbek 👈
