Пулли тонировка – адолатсизликми ёки мантиқсизлик
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganПулли тонировка – адолатсизликми ёки мантиқсизлик?
Кун.уз сайтида ҳамкасбимиз Дилшод Абдуқодировнинг шу номдаги яхши мақоласи эълон қилинибди. Ўқишни тавсия этаман.
Мақоланинг бир жиҳати эътиборимни тортди. Вазирлар Маҳкамасининг тонировкага пулли асосда рухсат бериш ҳақидаги қарорининг асосий мақсади сифатида 2 та асос кўрсатилган:
• транспорт воситалари ҳайдовчилари учун қулай шароитлар яратиш;
• республика ҳудудига ташриф буюрадиган туристлар учун қулай шароитлар яратиш.
Мақсаднинг олийлигини қаранг. Қулай шароит яратишмоқчи эмиш. Энди 1 йиллик тонировка нархини қаранг:
• жисмоний шахслар учун — ЭКИҲ 90 баравари (18 245 700 сўм);
• юридик шахслар учун — ЭКИҲ 120 баравари (24 327 600 сўм);
• Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун — ЭКИҲ 140 баравари (28 382 200 сўм) миқдорида белгиланди.
Бу нарх 1 августдан яна кўтарилади:
• жисмоний шахслар учун - 20 млн сўм;
• юридик шахслар учун - 26 млн 760 минг сўм;
• хорижий ташкилотлар учун - 31 млн 220 минг сўм.
Шунақа нарх белгилаб, тағин қарорнинг мақсадига «ҳайдовчиларга қулайлик яратиш» деб ёзиш нақадар мантиқсизлик ва кези келганда виждонсизлик эканлигини ўзингиз билиб олаверинг.
Мақолада бошқа жиҳатлар ҳам баён қилинган, ўқиб чиқсангиз, ўзингиз гувоҳи бўласиз.
P.S.: энг қизиғи нима, айтайми? Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Ички ишлар вазири ва унинг ўринбосарлари, ЙҲХББ бошлиғи ва унинг ўринбосарлари тонировка қилинган, кондиционерлари ёқилган шинам автомашиналарда юришади (халқни пулига, албатта). Ва шу сабабдан ижтимоий тармоқлардаги тонировка ёки парда масаласида кўтарилган гап-сўзларга эса қуйидагича реакция беришса керак, ҳойнаҳой: «Халқимиз жуда ношукур бўлиб кетяптида, мана, машина ичи салқин, қуёш нури ҳам тушмайди-ку, нимага бунча дод-вой қилишади, ҳайронман».
Балки унақа ўйлашмас, ким билсин тағин...
❗️Айтганча, ҳурматли оддий фуқаролар (тонировкали хизмат машинасида юрмайдиган), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шу кунларда аномал иссиқ ҳақида огоҳлантирган, мана бу ерда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жазирама иссиқдан ҳимояланиш бўйича тавсиялари бор, шуларга амал қилиш эсдан чиқмасин. Соғлиғингиз бировларга (раҳбарларга) керак бўлмаса ҳам, ўзингизга ва яқинларингизга керак. Қўпол қилиб айтганда, ўзинг учун ўл, етим.
👉 @xushnudbek 👈



