Электрон меҳнат дафтарчаларига ўтиш режаси маълум қилинди

Matn8-yanvar, 2019, 14:462 daqiqa0 koʻrish

Вазир электрон меҳнат дафтарчаларига ўтиш режасини маълум қилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Кун.уз нашрига берган интервьюсида «электрон меҳнат дафтари» тизими нима учун бироз кейин ишга тушиши ҳақида тушунтириш берибди.

«Биз кеч қолдик. 2019 йил 1 январдан белгиланган тартибда янги, электрон меҳнат дафтарчасини юритиш ишлари бошланиши керак эди. Лекин лойиҳанинг техник ечимлари ва концепциясини ишлаб чиқиш ишлари 2018 йил май ойида бошланиб, ноябрда якунланди. Деярли 15 миллион персонал тарихини тартибли бошқариш учун техник ечимларни ишлаб чиқиш шунча муддат талаб этди», – дейди у.

Вазирга кўра, электрон меҳнат дафтарчасига ўтиш, қоғоз ҳужжатларни рақамлаштириш билан ифодаланмайди. Тизим бошқа давлат хизматлари, биринчи галда, пенсия жамғармаси билан интеграллаштирилади. Шунингдек, электрон меҳнат дафтарчасини юритиш орқали меҳнат бозоридаги ҳақиқий картина тикланади, ишчиларнинг маҳорати ва маошлар ҳақида маълумотлар пайдо бўлади.

«Дастлаб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг барча тузилмалари мисолида лойиҳа синовдан ўтказилиши кутилмоқда. Тизимнинг бета-версиясида учрайдиган ҳар қандай муаммо ва хатоларни 2019 йил апрел ойига қадар аниқлашни мақсад қилганмиз. Шундан сўнг, электрон меҳнат дафтарчасини юритиш тизими такомиллаштирилган ҳолатда барча субъектлар учун тақдим этилади.

Аввало, меҳнат шартномасини тузиш ишларига оид тартибини тайёрлаш керак. Электрон меҳнат дафтарчасини персоналлаштириш масаласи-чи? Биз бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, ҳар бир давлатда бу масала ўзига хос ечим мавжудлигини аниқладик. Масалан, Озарбайжонда меҳнатга лаёқатли ҳар бир фуқаро ЭРИ (электрон рақамли имзо)га эга. Аммо Ўзбекистонда аҳоли кўп, уларни маъмурий йўл билан ЭРИ олишга мажбурлаш нотўғри ва бунинг имкони ҳам йўқ.

Бошқа ечим: уяли телефонга боғлашдир. Аммо кўпчилик бир нечта рақамдан фойдаланади. Бир шахс номига расмийлаштирилган рақамдан бошқа одам фойдаланиши, электрон меҳнат дафтарчасини битта рақамга бириктириш масаласини қийинлаштиради», – дейди вазир.

Бундан ташқари, олис ҳудудларда, алоқа сифати, интернетнинг яхши ишламаслиги, барчада тармоққа уланиш имконияти йўқлиги каби масала ҳам турибди.

«Шу сабабли локал хотира билан ишлайдиган дастур ишлаб чиқилади. Оралиқ вақт билан, интернет алоқаси пайдо бўлганда, маълумотлар умумий базага юкланади.

Сўнгги манзил энг қийини бўлади: тизимни жорий этиш керак. Йирик корхоналарда бу билан кадр бўлими шуғулланиши мумкин. Бундан штат мавжуд бўлмаган кичик бизнес йўналишида эса бу вазифа зиммасига юкланган шахс томонидан бажарилиши керак. Бундан ташқари, меҳнат бандлигини таъминловчи марказларга ҳам бундай ҳуқуқларни бериш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда. Бироқ дастлаб бу жараённинг барча жиҳатларини ўйлаб чиқиш лозим», – деб таъкидлади Кудбиев. ​

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek