Ўзбекистонда тизимларни электронлаштириш муаммолари
Xushnudbek.uzMatn3 daqiqa0tahrirlanganҚоғозга муҳаббат
Юқоридаги интервью анча аввал, яъни ижтимоий тармоқларда электрон меҳнат дафтарчалари ҳақида чиқишлар қилинишидан олдин, берилган экан. Яъни вазирлик муддат масаласидаги муаммони олдиндан тан олиб, бунга батафсил изоҳ берган. Агар шу каби изоҳлар олдинроқ эълон қилинганида ёки вазирлик расмий баёнотда ҳам бу гаплар акс этганида, балки эълон қилинган турли мақолаларга ҳожат ҳам қолмаган бўлармиди. Ким билсин.
Ҳар не бўлганда ҳам Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги олдида турган жуда катта ва масъулиятли ишда омад тилайман.
Дарҳақиқат, холисанилло айтганда, маълум бир тизимни электронлаштириш ўта мураккаб ва даҳмаза иш. Айниқса қоғозга юксак муҳаббат қўйилган бизнинг шароитимизда.
Давлат хизматлари агентлигида ишлайдиганлар айтишадики, давлат хизматларини электрон кўринишга ўтказишда айрим вазирлик ва ташкилотлар билан ишлаш осон эмас. Шунақанги ташкилотлар борки, уларнинг хизматлари бошидан охиригача фақат қоғозга боғланиб қолган, бирорта босқичида ҳатто номига ҳам компьютер иштирок этмайди. Гарчи кўчада 21-асрнинг 20-йилига яқин қолган бўлсада, лекин ичкарида 19-асрнинг ҳиди келади.
Бундан ташқари шу бугунгача электронлаштирилган айрим тизимлар ҳам чала-чулпа, уларни на бошқа тизимлар билан интеграция қилиб бўлади, на тизимнинг ўзини такомиллаштириб бўлади. Қайта қилиб чиқишдан бошқа вариант йўқ.
Масалан, ўзим бевосита гувоҳ бўлган масала. Электрон имзо олиш учун давлат хизматлари марказига борганим ҳақида айтган эдим. Ўшанда мендан олдинги навбатда турган бир йигит манзил маълумотномасини олиш учун мурожаат қилди. Паспорти ёнида. Оператор қиз бир нарсаларни текширгандан сўнг, “Сизнинг бу манзилингиз базада чиқмаяпти” деди. Йигит ҳайрон. “Бўлиши мумкин эмас, мана паспортимда манзилим тасдиқланган турибдику”, - деди.
Оператор қиз яна бир нарсаларни текширди ва охири бўлмади шекилли, кимгадир телефон қилди (менимча, туман ИИБсига). Ўзини давлат хизматлари марказидан эканлигини таништириб, муаммони тушунтирди. Уёқдан қанақа жавоб берилди билмадиму, лекин гаплашиб бўлгач, “Узр, Сизни бу манзилингиз базага киритилмаган, туманингизнинг паспорт столига боринг, уларга мурожаат қилар экансиз, кейин улар базага киритишаркан” деди.
Йигит барибир тушунмади. “Ахир паспортимда печать турибдику, нега базада бўлмайди? Майли, базада бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса паспортим асосида маълумот берсангиз бўлмайдими?”, - деган саволлардан барибир фойда бўлмади. Қайтиб кетди. Кетар жафосида норози оҳангда пичирлаб нималардир деди, эшитилмади. Жуда яхши гап айтмагани аниқ.
Нима демоқчиман. Инновация, инновация деймизу, лекин қоғозсиз ҳеч нарсани тан олмаймиз, ҳатто одамнинг одамлиги ҳақида ҳам албатта қоғоз талаб қилишга ўрганиб қолганмиз. “Интернет”, “онлайн”, “электрон” деган атамаларга айрим ташкилотларнинг ҳалигача аллергияси борлиги ачинарли.
Тизимларни электронлаштириш деймизу, лекин бир тийинга қиммат ва бир марталик ишлатишга ҳам арзимайдиган алламбало дастурлар учун юз миллионлаб пулларни совуриб юборамиз. Эртани эмас, бугунги топшириқни амал-тамал қилиб ёпишни ўйлаймиз.
Электрон меҳнат дафтарчалари тизими бўйича ҳақиқатда шунча иш қилинаётган бўлса, сифатли натижа учун муддатнинг маълум муддатга кечикиши бемалол ўзини оқлайди, бу фожиа эмас. Асосийси вазифа сидқидилдан бажарилиб, халқни ортиқча қоғозбозликдан қутқарадиган яхши тизим яратилса бўлди.
P.S.: ўзи дастурчилар ҳеч қачон дедлайнга риоя қилишмаган )))
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
