Электрон давлат хизматлари ва коррупцияга қарши кураш

Matn30-iyul, 2021, 18:283 daqiqa0 koʻrish

​Замонавий бўлиш ҳақида

Электрон давлат хизматлари маиший коррупцияга қарши курашиш учун энг зўр восита. Ҳали инсоният бундан яхшироқ усулни ўйлаб топмаган. Одам факторининг йўқолиши пора занжирига катта зарба беради.

Бўш вақтимда Давлат интерактив хизматлари порталини “титкилаб” ўтиришни ёқтираман. Жисмоний шахслар учун бирор янги давлат хизмати қўшилса, гарчи реал эҳтиёжим бўлмаса ҳам ўшандан фойдаланиб кўраман.

Турли маълумотномалар олиш, қаергадир навбатга туриш, нималарнидир буюртма бериш – буларнинг барчаси қизиқ туюлади менга.

Энг фойдали ислоҳотлар ҳақида гап кетса, фикрлар турлича бўлиши шубҳасиз. Мен эса айнан давлат хизматлари соҳасидаги ўзгаришларни, электрон ҳукуматни яратиш билан боғлиқ ишларни алоҳида қайд этган бўлар эдим. Сабаби бу бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган бюрократия ва ортиқча овогарчиликка чек қўйиш учун ёрдам бермоқда.

Дастлаб электрон хизматлар ишга тушганда бирдан муваффақиятли ишлаб кета олмади. Чунки давлат ташкилотлари ҳам ҳали электронлашишга тайёрмас эди, кўп хизматлар номига очилган, лекин ишламасди. Одамларда ҳам бунга ишонч йўқ эди, электрон тарзда қайсидир давлат хизматидан фойдаланишга одатланмаган, албатта қайсидир идоранинг эшигига бориб, қайсидир хизматчининг қош-қовоғига қараш зарур деб ўйлашарди. Электрон хизматларга шу қадар ишонч йўқ эдики, порталдан олинган электрон маълумотномани чоп этиб, унга муҳр қўйдириб келишни ҳам сўрашарди ҳатто :)

Лекин давр ўзгарди, одамлар ҳам кўникяпти, давлат ташкилотлари ҳам секин-аста тизимини мослаштирди, ишонч пайдо бўлади.

Масалан, узоққа бормайлик, ўқишга ҳужжат топшириш тўлиқ онлайнга ўтди. Боғча ҳам, мактаб ҳам, бакалавр ҳам, магистратура ҳам, иккинчи мутахассислик ҳам, ўқишни кўчириш ҳам – деярли барчасида электрон ариза олинмоқда. “Халқимиз тайёрмас, ҳали бунга эрта” деган гапларнинг барчаси сафсата бўлиб чиқди.

Ёки уй олди-сотдиси бошимга тушганда барча керакли ҳужжатларни электрон олдим. Ҳафталаб овора бўлиб, соатлаб навбатда туриб “справкалар” йиғганим йўқ. Ҳаттоки уйнинг кадастр ҳужжати ҳам онлайн чиқди. Бу ҳақда аввал ҳам батафсил ёзгандим.

Фарзандим туғилганда давлат томонидан бериладиган бир марталик мукофот (нафақа) пулини олиш учун ҳам онлайн ариза бердим. Бир пасда жавоби чиқди. Ўша электрон ҳужжат билан исталган Халқ банкига бориб, пулни олиш мумкин.

Нотариусда ёки шифокорда навбат кутмоқчимасмисиз, унда марҳамат, онлайн навбатга ёзилинг.

Хўўўш, яна нимани айтсам. Масалан, июль ойида 19 минг киши доимий (вақтинчалик) яшаш жойи бўйича маълумотни электрон олган. 23 минг киши пенсия (нафақа) ҳақида маълумот олган. Ва ҳ.к.

Айтганча, электрон хизматдан фойдаланганда амалдаги тўловнинг 90%и тўланади, яъни ташкилотга бевосита ўзингиз боргандан кўра, онлайн қилсангиз 10% чегирма берилади.

Мисол учун, 1 октябрдан тонировка қилиш ҳақида аризалар фақат Ягона портал орқали қабул қилинади ва ўз-ўзидан ҳозирги нархдан 10% арзонроққа айланади.

Тўғри, ҳали бу соҳада қилинадиган ишлар кўп. Яна жуда кўп давлат хизматларини электронлаштириш, бунинг учун инфратузилмани тайёрлаш керак.

Сизларга эса электрон хизматлардан фойдаланишни тавсия қиламан. Аввал ҳам бир айтганимдек, замонавий бўлинг, кўчада XXI асрлигини унутманг.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek