Автотранспорт сотиб олганлик учун йиғим бекор қилиниши мумкин

Matn15-noyabr, 2021, 20:222 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​❗️2022 йил 1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилиниши мумкин

Молия вазирлиги 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳа иловасида 2022 йил учун автотранспорт йиғимларининг ставкалари жадвали ҳам бор. Мазкур жадвалда автомобилни сотиб олганлик учун йиғим олиб ташланган. Демак, ушбу йиғим тўлиқ бекор қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, депутат Дониёр Ғаниев Молия вазирлигидаги манбаларига таяниб, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга киритилиши кутилаётган ўзгартиришга асосан автомобил олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи, транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъий назар, БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб арзонлаштирилиши мумкинлигини маълум қилди (қонун чиқарувчи ҳокимият вакили ижро ҳокимиятидан маълумот олиб, қонундаги ўзгариш ҳақида хабар беришининг ўзи жуда ажойиб).

Ҳозирда нотариусда тўланадиган давлат божи от кучига қараб 10 баробаргача (2 млн 700 минг сўм) эди.

✅ Хуллас, бу дегани машинани нотариусда олди-сотди қилиш кейинги йилдан машина тури ва ёшидан қатъи назар тахминан 1 ярим миллион сўм атрофида бўлиши кутилмоқда (ГАИ харажатлари билан). Ҳозирда машинанинг от кучи ва йилига қараб ўртача 4,5 млн сўмдан (Спарк) 10 млн сўмгача (Каптива) боради.

Бир пайтлар жонажон монопол заводимизни қўллаб-қувватлаш учун (иккиламчи бозорни ўлдириш орқали) жорий этилгани айтиладиган ушбу отнинг калласидай тўловлар сабаб одамлар машинани олди-сотди қилмасдан 810 минг сўмга "генеральная доверенность" расмийлаштирарди. Бу эса амалиётда жуда кўплаб муаммоларни ва низоларни келтириб чиқараётганди. Виждонсиз одамларнинг касрига ўз машинасидан ажралиб қолганлар ҳам афсуски йўқ эмас. Мазкур қонун лойиҳалари кучга кирса, юқоридаги муаммолар анча ечим топса керак.

👉 @xushnudbek 👈

  • 👍 3
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek