ЙПХ ходимларини видеога олишни тақиқлаш таклиф этилмоқда
Бир қадам олдинга, икки қадам орқага
Ички ишлар тизимини очиқ ва шаффоф, халққа яқин тизимга айлантириш бўйича кўп гапирилади. Тан олиш керак, анча ишлар қилинди ҳам. Буни айтмаслик инсофдан эмас, албатта.
Аммо ўша эски даврни қумсаб, яна ёпиқликни хоҳлаб қолганлар томонидан барча қилинаётган ислоҳотларни орқага қайтарадиган бир қарор лойиҳаси ишлаб чиқилибди.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида фуқароларга ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик мажбурияти юкланмоқда.
Муҳокама 29 мартгача давом этади:
https://regulation.gov.uz/uz/d/58114
Давлат бюджетидан, яъни халқнинг солиқларидан ойлик оладиган давлат хизматчилари ўз вазифасини бажарётган пайтда солиқ тўловчиларга видео ва фотога олишни ёки уни тарқатишни тақиқлаш Конституцияга ҳам зид. 29-моддага кўра, ҳар ким ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Конституциявий тузумга қарши қаратилган, давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина бу ҳуқуқ қонун билан чекланиши мумкин.
Бу ерда чеклов фақат қонун билан бўлиши керак, Вазирлар Маҳкамасининг бунга ваколати ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ. Наҳотки лойиҳа муаллифларининг шунга ақли етмаган?
ЙПХ инспекторининг ва ўзи умуман бошқа исталган давлат хизматчисининг ишдан ташқаридаги шахсий ҳаёти қонун билан ҳимоя қилинади, бунда албатта розилик шарт. Аммо ўз вазифасини бажараётганда чеклашга уриниш — бу орқага қайтиш дегани.
Бу худди болалигимиздаги бир воқеани эслатади. Мабодо коптокнинг эгаси футболда ютқазиб қўяверса, алами келганидан коптогини уйга олиб кетиб қоларди. Ундан кўра, яхшироқ ўйнашни ўрган, шунда ютқазмайсан, дейиш бефойда эди. Ички ишлар вазирлиги ҳам ўзича видеолардан аразлаб, қарор йўли билан буни тақиқлашга уринмоқда.
Бунақаси илгари ҳам бўлган. Ҳайдовчиларга орқа ён ойнага парда тақишни ноқонуний тақиқлаган вазирлик ҳамда ўша пайтдаги ЙҲХББ судларда кетма-кет ютқазгандан сўнг, ноҳақлигини тан олиш ўрнига, секингина ими-жимида ўзларининг фойдаси учун қонунга ўзгартириш киритиб олмоқчи бўлишганди. Бу ҳақда мана бу ерда ёзганман. Лекин хайрият ўшанда уларнинг бу номардларча "юриши" ўхшамай қолганди.
Етар энди. Қачондир тугаши керакку бунақа ишлар. Ҳадеб орқага қайтаверамизми?
Наҳотки ички ишлар тизимини халқнинг ҳақиқий мададкори ва дўстига айлантиришнинг бошқа бирорта йўли йўқ бўлса?
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 2056


