Ижтимоий тармоқлар блокланишининг асл сабаблари
Оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашиш керак
Кечаги воқеаларни энди сал эҳтирослардан холи, совуқ мия билан таҳлил қилсак. Тўғри, кеча охири яхшилик билан тугади. Ижтимоий тармоқлар блоклангач, бирдан масалага Президент аралашди, "Ўзкомназорат" раҳбари ишдан олинди, блоклар олиб ташланди. Бир қараганда ҳаммаси зўр, барчаси ажойиб, шундай эмасми?
Аммо биз оқибатлар билан курашяпмиз холос. Яъни ижтимоий тармоқларнинг блокланиши — аслида аввалроқ қабул қилинган хато қарорнинг оқибати. Хўш, унда бунинг сабаби қаерда?
Қонунни қабул қилган бошқалар, жабрини тортган ижрочилар
Аслида бу машмашаларнинг барчасига «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун сабабчи. Янада аниқроқ айтсак, 2019 йилда қабул қилинган бу қонуннинг ўзи ёмон эмас. Унда шахсий маълумотларга оид кўп фойдали қоидалар белгиланган.
Аммо 2021 йилда, яъни жорий йилнинг январь ойида ушбу қонунга битта кичкина модда қўшилди. Янги қўшилган 27-1-моддада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари билан ишлайдиган тизимлар серверларини Ўзбекистонга ўрнатиши талаб қилинадиган бўлди. Ким серверини Ўзбекистонга ўрнатишга рози бўлмаса, унда блокланадиган бўлди.
Кўряпсизми, кечаги машмашаларнинг барчаси аслида қайсидир Ғолибшер исмли ижрочининг ўзбошимчалигидан эмас, балки 150 нафар депутатлар қабул қилиб, 100 нафар сенаторлар маъқуллаб, кейин имзоланган қонун сабабли бўлмоқда.
Хўп, "Ўзкомназорат" раҳбарини кеча "юқоридагилар" билан келишмагани учун ишдан бўшатишди. Аммо бу оғриқ қолдирувчи дори холос, касалликнинг ўзини тузатмайди. Эртага "Ўзкомназорат"га Валишер, Ғанишер, Алишер раҳбар бўлиб келса ҳам, барибир қонун ўз кучида турибди-ку! Телеграм серверини Ўзбекистонга олиб келмаса, уни блоклаш керак, тамом.
«Ўзкомназорат» бу ерда қонунни ижро қилди ва аҳолининг шунча эътирозига сабаб бўлди. Демак, ўша қонуннинг ўзи адолатсиз ва бир ёқлама ўйлаб қабул қилинган бўлмайдими? Кўрпага қараб оёқ узатиш керак эди, шекилли.
Мантиқан олганда депутатлар ва сенаторлар серверини Ўзбекистонга олиб келмаган тармоқларни блоклаш тарафдори бўлишган ва буни қонунда акс эттиришган. Ҳатто кейинчалик депутатлар қонун ижросини тезроқ бажариш, яъни серверини Ўзбекистонга ўрнатмаганларни тезроқ блоклашни талаб қилишганди.
Икки хил стандартлар ҳақида
Яна бир қизиқ жойи, жорий йилнинг июнь ойида Twitter, TikTok, Skype, Wechat каби тармоқларни худди шу қонунга асосланиб, худди ўша «Ўзкомназорат» блоклаган эди. Мана, бир неча ойдан буён ушбу тармоқлар ҳалиям блокда турибди. Аммо кечагидек резонанс бўлмаганди.
Telegram, Facebook, YouTube, Instagram блоклангандан кейин даҳшатли ваҳима кўтарилди ва тезда уларнинг блоклари ечилди. Лекин кечаги қий-чувларда ҳам Твиттер ва ТикТокдан блок олиб ташланмади.
Хўп, агар интернетни ва айрим тармоқларни блоклаш Янги Ўзбекистон сиёсатига тўғри келмас экан, унда нега барчасидан блок олинмади? Ёки агар қонун талабини бажармаган компанияларни блоклаш аслида тўғри бўлса, унда нега кечаги блокланганлардан тақиқ олиб ташланди? Қанақадир ягона битта принцип бўлиши керак эмасми? Ва бу принцип одамларга муаммолар туғдирмаслиги керак-ку.
Хулоса
Қиссадан ҳисса шуки, кеча бизнинг қуртлаган тишимиз қаттиқ безовта қилгани учун вақтинча оғриқ қолдирадиган дори ичдик. Аммо қуртлаган тиш ҳалиям турибди. У ҳали яна оғриши мумкин. Бунга ҳеч ким кафолат бера олмайди.
❓Кеча ижтимоий тармоқлар нега блокланди?
✅Қонун ижроси учун
❓Кеча ижтимоий тармоқлардан нега блок олиб ташланди?
✅Инсон қадри учун
Демак, барча қонунлар ҳам инсон қадри учун хизмат қилавермайди. Ўзбекистонда инсон қадрига зид бўлган қонунлар бор ва уларни тезда қайта кўриб чиқиш керак. Ҳар ҳолда Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқатан янгилиги шунда кўринади. Буларнинг барчаси ИМҲО, албатта.
Биз олдин аниқ бир қарорга келиб олайлик: фақат оқибатларга қарши курашиб юраверамизми ёки сабабларни ҳам ўйлаб кўрамизми?
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 3


