Ёш ходимлар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби

Matn25-iyul, 2018, 10:303 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Куни кеча биринчи марта ишга кирган ёш ходимларга солиқ имтиёзи берилмаётганлиги ҳақида ёзган эдим.

Мазкур масала бўйича айрим қўшимча маълумотлар олдим. Маълум бўлдики, Давлат солиқ қўмитаси раисининг 2017 йил 11 июлдаги 413-сонли буйруғи билан 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сонли Президент фармони маълумот ва ижро учун қабул қилинган ҳамда унинг ижросини таъминлаш бўйича солиқ органларига тегишли топшириқлар берилган.

My.soliq.uz порталидаги солиқ ҳисоботлари бланкасида ҳам ушбу имтиёз учун махсус бўлим ажратилган (расм пастда).

Муаммо нимада?

Аммо нима учун ҳалигача кўпчилик бу имтиёздан бехабар ва ташкилотлар бундай имтиёзни қўллашмаяпти?

Менимча, бунга 2 та асосий сабаб бор.

Биринчиси, ушбу ўзгариш тарғиботи суст бўлган. Яъни ёш ходимларга берилган солиқ имтиёзи ҳақида ОАВларда кенг ёритилмаган. Корхона раҳбари, бухгалтер тугул ҳатто ёшларнинг ўзи ҳам буни билмайди.

Иккинчиси, қонунчиликни тушунмаслик сабаб бўлмоқда. Яъни менга келган маълумотларга кўра, ушбу имтиёзни қўллашни сўраган ёш ходимларга раҳбар ёки бухгалтер ҳали бу ўзгариш кучга кирмаганини, бунинг учун албатта Солиқ кодексига тегишли ўзгариш кириши кераклигини айтиб, рад қилишмоқда. Аслида бу янглиш хулоса. Солиқлардаги имтиёзлар фоизи албатта Солиқ кодексида акс этиши шарт эмас. Ўзи умуман бизнинг Солиқ кодексимизда фоизлар, солиқ ставкалари кўрсатилмаган. Шу сабабли ПФ-5106-сонли Президент фармони аллақачон кучга эга, бемалол унда кўрсатилган солиқ имтиёзини қўллаш мумкин.

Ўзи қанақа имтиёз берилди?

Имтиёз қуйидагича:

Таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғи биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтирилади.

Маълумот ўрнида:
1. «Таълим муассасаси» дейилганда касб-ҳунар коллежи, академик лицей ва олий таълим муассасаси ҳам тушунилади. Масалан, институтни тугатиб биринчи бор ишга кирган ёш ходимга ҳам шундай имтиёз берилади.
2. «Биринчи бор ишга қабул қилинган» - ҳаёти давомида илк марта ишга кираётган бўлиши керак. Масалан, институтга киришдан олдин қаердадир ишлаган бўлса, кейинчалик бу имтиёз қўлланмайди.
3. «Уч йил бўлмаган» - агар коллежни тугатиб, 2 йил ишсиз юриб, кейин ишга кирса ҳам, ўша ёш ходимга бу имтиёз қўлланаверади.

Нима қилиш керак?

Агар Сиз юқоридаги имтиёзлар категориясига тўғри келсангиз, яъни ўқишни тугатиб, илк марта ишга кириб, ҳали иш жойингизни ўзгартирмасдан фақат битта жойда ишлаётган бўлсангиз, унда зудликда корхона бухгалтерига мурожаат қилинг.

Яна бир томони, Сизга мазкур имтиёзлар 2017 йил август ойидан бошлаб қўлланилиши керак эди. Шу сабабли имтиёз қўлланмасдан 1 йиллик ортиқча ушлаб қолинган маблағларни ҳам қайтаришлари керак. Қўрқмасдан ҳаққингизни талаб қилаверинг. Масалан, ҳар ой 200 минг сўм солиқ ушлаб қолинган бўлса, шуни ярмини қайтаришлари керак. Бу йилига 1 млн. 200 минг сўм ортиқча ушлаб қолишган дегани.

Мана шунақа гаплар. Ҳаққини билган хор бўлмас дейди. Сиз ҳам яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ўрганинг, азиз ёшлар.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

  • 👍 3
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek