Ўзбеккўмир акциядорлик жамиятининг бошқарув тарихи
Manba:davletovuz
“Ўзбеккўмир”нинг саргузаштлари ва ноябрь
“Ўзбеккўмир” деган етим компаниямиз бор. Анчадан бери етим қолган, қўлдан-қўлга ўтиб чарчади бечора.
Гап шундаки, 2017 йил ноябрь ойида узоқ йиллар “Ўзбекэнерго” таркибида бўлган «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖнинг акциялари пакетлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг устав капиталига давлат ҳиссаси сифатида белгиланган тартибда баланс қиймати бўйича топширилди.
Ордан кўп ўтмай, аниқроғи 2018 йил ноябрь ойида “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қарорга мувофиқ, “ПрогрессГорТех” МЧЖнинг (Россия Федерацияси) Ўзбекистонда ташкил этиладиган шўъба хўжалик жамияти “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Ўзбеккўмир” АЖ устав капиталидаги 45 фоиз миқдоридаги акциялари туркумининг ишончли бошқарувчиси сифатида жалб этилади. Декабрда мазкур қарор имзоланиб, кучга киради. Дарвоқе, 2018 йил октябрда ташкил қилинган “ПрогрессГорТех” МЧЖнинг устав фонди 10 минг рубль эди. Доллардаги эквивалентини ўзингиз ҳисоблаб олаверасиз.
Аммо орадан бир йил ҳам ўтмай, аниқроғи, октябрь ойида “ПрогрессГорТех” МЧЖ “Ўзбеккўмир” АЖ устав капиталидаги 45 фоиз миқдоридаги акциялари туркумининг ишончли бошқарувчиси бўлмайдиган бўлди. Эски ҳужжат ўз кучини йўқотган, деб топилди.
Яна ноябрь, 2019 йилнинг ноябри. Айтишларича, ҳукуматнинг янги қарори билан “Ўзбеккўмир” яна ишончли бошқарувга бериладиган бўлибди. Бу гал Қозоғистоннинг Павлодар вилояти Экибастуз шаҳрида 2018 йил 22 январда рўйхатдан ўтган, мақоми кичик корхона бўлган, «Горные работы» компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси ушбу бахтга сазовор бўлди. Дарвоқе, мазкур компания Ўзбекистоннинг энг йирик икки иссиқлик электр станцияси — “Ангрен” ва “Янги Ангрен” ИЭСни ишончли бошқарувга аукционсиз, конкурссиз олган. “Ўзбеккўмир” ҳам конкурссиз, айтишларича, 90 фоиздан ортиқ улуши билан “ишончли бошқарув”га берилмоқда.
Келгуси ноябрни интиқлик билан кутамиз.

