Ўзбеккўмир Россия компанияси бошқарувига берилиши мумкин
Manba:Daryo — LIVE
«Ўзбеккўмир» Россия компаниясига уч йилга ишончли бошқарувга топширилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида 13 ноябрь куни «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди. Қарор 28 ноябрдан сўнг имзоланиши мумкин — муҳокама шу санага қадар давом этади.
Қарор билан «Ўзбеккўмир» компаниясининг 45 фоиз акцияси Россиянинг «Прогресс Гор Тех» компаниясига уч йил муддатга ишончли бошқарувга топширилиши кўзда тутилган (бунинг учун Ўзбекистонда рус компаниясининг шўъбаси очилади). 10 банддан иборат қарор лойиҳасининг асосий мазмуни шундан иборат.
Интернетда «Прогресс Гор Тех» деб қидирсангиз, тайинли ҳеч нарса тополмайсиз. «ПрогрессГорТех» деб қўшиб ёзсангиз, Россиядаги юридик шахсларнинг ягона реестридан баъзи маълумотлар, кўчирмалар чиқиб келади. Биринчидан, бу компания 2018 йил 15 октябрь куни рўйхатга олинган (яъни, ҳали бир ойлик ҳам бўлгани йўқ).
Иккинчидан, агар «Яндекс.Харита»га ишонадиган бўлсак, унинг офиси (Большая Якиманка кўчаси, 1-уй, 65-хона) Ўзбекистон элчихонасидан уч дақиқалик масофада жойлашган. Учинчидан, унинг устав капитали 10 минг рубль (тахминан 1,22 миллион сўм). Тўртинчидан, «ПрогрессГорТех»нинг бош директори Вадим Фалько фирма офиси жойлашган бинонинг 11-хонасида фаолият олиб борувчи «КТС» фирмасининг ҳам бош директори ҳисобланади. У фирма ҳам 15 октябрь куни очилган.
Яна бир бор эслатиб ўтамиз, Президент қарорида «Прогресс Гор Тех» деб ёзилган, биз эса бор-йўғи «ПрогрессГорТех»нинг маълумотларини келтирдик — бу иккиси бир-бирига мутлақо боғлиқ бўлмаслиги жуда ҳам мумкин. Ҳар нима бўлганда ҳам, @davletovuz айтганидек, «яхшилик билан тугасин-да бу ишлар».

