QR-кодли электрон кутубхоналар ҳақида
QR-кодли электрон кутубхоналар ҳақида
Бугунги кунда китобхонлик ҳақида кўп ва хўб гапирилаётгани сабабли бир масалага диққатингизни тортмоқчиман.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сонли қарори билан тасдиқланган дастурнинг 19-бандида қуйидагича вазифа белгиланган эди:
«Жамоат жойларида QR-кодлар ёрдамида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон китоблари тўғрисидаги маълумотларни махсус таблоларда жойлаштириш ва уларни мобил қурилмаларга юклаб олиш ва ўқиш имкониятини яратиш».
Муддат: 2018 йил ноябрь
Асосий ижрочи: Матбуот ва ахборот агентлиги
Кутилаётган натижа: Жамоат жойларида, вокзаллар ва аэропортларнинг кутиш залларида, автобус бекатларида QR-кодлар (штрих кодлар) ёпиштирилган кутубхона таблоларини жойлаштириш орқали ёшларнинг китобларни замонавий мобил қурилмаларида ўқиши ва электрон нусхаларини юклаб олиши учун имкон яратилади.
Белгиланган муддатдан 4 ой ўтди.
Ушбу лойиҳа бўйича қанақадир ишлар бошлангани ҳақида эшитдим, лекин тан олиш керак собиқ Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан бу бўйича етарли ишлар қилинмаган. Агентлик ташкил қилган бирорта QR-кодли кутубхонага кўзим тушмади.
Интернетда электрон кутубхона ташкил этиб, уни QR-кодлар орқали аҳоли ўртасида тарғиб қилиш анъанаси замонавий дунё учун бегона эмас.
Хусусан, 2013 йили МТС компанияси Россия, Украина ва Белорусь давлатларида катта масштабдаги “Мобил кутубхона” лойиҳасини тақдим этган.
МТСнинг “Мобил кутубхона” лойиҳасида турли жанрдаги мингдан ортиқ электрон китоблар бепул тақдим этилган.
Бунинг учун махсус www.lib.mts.ru сайти ишга туширилган. QR-кодни ўз мобил қурилмасидан ишга туширган китобхон сайтдан epub, fb2 ёки txt форматларида бепул кўчириб олиши мумкин бўлган.
Ўзбекистонда ҳам шу каби йирик масштабли лойиҳани тезроқ ишга тушириш керак.
Ўтган йили шу лойиҳага оид бир тақдимот тайёрлагандим ва масъул ташкилотларга тақдим этганман.
Бугунги кунда агентлик янгитдан қайта ташкил этилиб, унинг раҳбари Комил Алламжонов томонидан қатор инновацион лойиҳалар қилинаётганини инобатга олиб, балки фойдаси тегиб қолар деган мақсадда, ўша тақдимотни каналимга жойлаяпман.
Халқ орасида китобхонликни кенг ёйиш учун ҳақиқатда фойдаси тегадиган амалий лойиҳалар кўпроқ татбиқ этилишидан умидвормиз.
Тақдимотни сурат шаклида кўриш: 👇
https://teletype.in/@xushnudbek/B1s0wByF4
Тақдимотни юклаб олиш: https://goo.gl/1zUQqN
👉 @xushnudbek 👈


