Уйи бузилган кампир ва Амр ибн Осс масжиди тарихи
УЙИ БУЗИЛГАН КАМПИР ВА ҲОКИМ
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Миср фатҳ бўлди. Мисрнинг волийси Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу ўз номига атаб масжид қурдирмоқчи бўлди. Бу қурилишга танланган жойга қўшни бўлган аёлнинг уйи масжиднинг тўғри савияда чиқишига тўсқинлик қилар эди. Қибтий кампирга пул таклиф қилишди, у сотишдан бош тортди. Урфдан кўра анча қиммат маблағ беришиб, кампир рози бўлмасада уйини бузишди ва масжидни кўркам шаклда қуриб битказишди.
Мисрнинг туб аҳолисидан бўлган қибтий роҳиблар кампирга маслаҳат беришди. Мадинага бориб мусулмонларнинг халифасига шикоят қилишини айтишди ва йўл учун харажатлар, ҳамда бир ҳамроҳни қўшиб беришди...
Аёл Мадинага келганида халифанинг қасри қаерда эканини сўради. Мусулмонлар Умарнинг уйини кўрсатишди. Умар бир сояда ерга узала тушиб ухлаб ётарди. Қибтий аёл ҳайратдан ёқа ушлади:
- Наҳотки Араб жазирасини, Мисрни, Шомни, Форс давлатларини идора қилаётган зот мана шу ямоқ кийимли киши бўлса?! Наҳотки, ахир бунинг остида тўшаги ҳам, бошида ёстиғи ҳам йўқ-ку!? - деди у ўзига ўзи.
Умар шарпанинг овозидан уйғонди. Қаршисида бир ходим билан турган мусофир аёлни кўриб:
- Нима учун келдинг, менга нима хизматинг бор?! - деди.
- Шикоятим бор, эй мусулмонларнинг халифаси! - деди аёл.
- Нима шикоят?
- Мисрга таъйинлаганинг волий Амр ибн Осс уйимни тортиб олди ва ўрнига масжид қурди. Мен уйимни сотмоқчи эмасдим! - деди.
Умарнинг юзи ғазабдан қизариб кетди. Сал нарироқда турган бир суякни олиб унга шундай деб ёзди:
- Аллоҳнинг қули Умар ибн Хаттобдан унинг Мисрга таъйинлаган ходими Амр ибн Оссга! Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин!.. Аммо баъд: Умар Анушервондан кўра адолатлироқ, эй Амр!... Вассалом!
Ушбу суякни аёлга бериб:
- Буни Амр ибн Оссга бер! - деди.
Аёл шунча йўл юриб, шу икки оғиз гапни олгани келдимми, дея ранжигандек бўлди. У суякни ташлаб, тарвузи қўлтиғидан тушган ҳолда юртига қайтди. Уни гиж-гижлаган роҳибларни ҳам кела солиб маломат қилди:
- Мени овора қилдинглар! Мусулмон мусулмонни тарафини олади-да барибир, биз ғайридинларнинг дардига ким ҳам қулоқ осарди?! – деди хўрсиниб.
Лекин у билан бирга борган ходим суякни ўзи билан олган эди. Уни роҳибларга туқазди ва:
- Умар шуни Амр ибн Оссга беришимизни айтди, - деди.
Жума куни Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу масжидга кираётганида роҳиблардан бири суяк парчасини кўтарган ҳолда баланд овоз билан:
- Эй Амр! Бу мактубни сенга Умар юборибди! – дея бақира бошлади. Хизматчилар суякни олиб Амрга тутқазишди. Тик турган жойида мактубни ўқиган Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг юзи оқариб, ўзи ҳолсизланиб қолди
- Умар Анушервондан* кўра адолатлироқ, эй Амр! – деган жумладан Умарнинг нимани назарда тутаётганини зийрак Амр ибн Осс жуда яхши тушунган эди...
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу фармонга итоат қилиб аёлдан олинган ер ўрнидаги масжид биносини бузиб, аёлга ўз уйини қайтадан қурдириб берди. Натижада масжид биноси кемтик бўлиб қолди...
Кейинроқ муроса йўли ила бино тўғриланган. Бу Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг номлари қўйилган Мисрдаги масжид тарихи эди.
* * *
* Анушервон ўзи учун қаср қурдирмоқчи бўлди. Лойиҳага кўра танланган ерга қурулиши керак бўлган қаср рисоладагидек чиқиши учун ер майдонининг бир бурчагидаги кўримсиз ҳовли халақит берар эди. Ҳовли кекса бир кампирга тегишли бўлиб, ундан истаган миқдорида маблағ эвазига уйини сотишни сўрашди. У таклифни қабул қилмади. Келган вакилларга:
- Мен ҳовлимни ҳеч қачон сотмайман. Анушервон қаср қурмоқчи бўлса бошқа ерга қурсин! - деди.
Вакиллар Анушервонга кампирнинг сўзларини етказишганида, у иккиланмасдан:
- Майли, ҳовлиси ўзида қолаверсин. Бино қинғир чиқса ҳам ўша ерга қуришни давом эттираверинглар! - деди.
Қурилиш ниҳоясига етди аммо кампирнинг уйи ҳам ўз жойида қолгани сабабли қасрнинг кўриниши хунук бўлиб қолди.
Буни кўрганлар бинонинг шу жойи текис бўлганида чиройли чиқар эди, дейишса, Анушервон:
- Ана шу хунуклиги билан яна-да чиройли турибди, - дерди у, ҳодисадаги ўзининг адолатига ишора қилиб...
Бу воқеа тилларда достон эди.
Суратда: Қоҳирадаги Амр ибн ал-Осс масжиди
Фейсбукдан олинди
👉 @xushnudbek 👈

