ТДЮУда ҳарбий имтиёзлар ва ижтимоий адолатсизлик масаласи
Ҳарбий имтиёзлар ҳақида
ТДЮУда контрактга кириш бали 162,3 балл бўлди. Бюджет эса – 223,5 балл.
Демак, жорий йилда ҳам ТДЮУда бюджетни 100% ҳарбийлар эгаллаган. Чунки максимал балл 189ни ташкил қилади.
Ҳарбий тавсиянома олган абитуриентлар учун имтиёзлар бериш шу даражада адолатсиз тизимки, буни кўриб чиқмаса бўлмайди. Бу ҳақида анчадан буён гапираман, кеча ёки бугун хаёлимга келиб қолгани йўқ.
Масалан, Юридик университетда 8027491 ҳамда 8027493 рақамли саволлар китобини ишлаган абитуриентлар 100% лик натижа кўрсатган, яъни 189 балл олган. Ҳаттоки иккаласи ҳам инглиз тилидан тегишли CEFR даража олган экан.
Ёки 8023744 рақамли абитуриент 187,9 балл олган. Фақат чет тилидан биттагина хато қилган, қолганини 100% топган.
Оддий мантиқий савол: хўш, нима учун улар бюджетга кира олмаслиги керак? Бошқа ОТМларда 70 балл билан бюджетга кираётган бир пайтда ушбу ҳолат ижтимоий адолатсизликнинг энг ёрқин намунаси эмасми? Бошқаларни қўя турайлик, майли. Лекин ТДЮУни ўзида ҳам грантга кириш учун ҳеч қандай имконият қолмаяптику?!
Агар энг юқори балл олганлар орасида қизлар бўлсачи, унда улар нима қилиши керак?
Майли, мамлакатимиз хавфсизлиги учун шунчалар ҳарбий имтиёз муҳим экан, берилсин, қарши эмасмиз. Лекин бу имтиёз ўзгаларга зиён етказмасин. Бошқа абитуриентларга халақит бермасин, уларнинг давлат грантида ўқиш ҳуқуқини топтамасин!!!
Мутасадди раҳбарлар кейинги йилда шу масалани ҳам кўриб чиқишса, ёмон бўлмасди.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek
