Кўрпача устидаги саволлар китоби воқеасига изоҳ керак
Кеча @daryo_live канали саволлар китоби кўрпача устида суратга туширилган абитуриент Самарқанд тиббиёт институтига 163,8 балл билан давлат гранти асосида ўқишга киргани ҳақида маълумот берди.
Менинг ўзимга ҳам бу ҳақида юзлаб хабар юборишди. Кеча жуда кўпчилик жавоблар чиқиши ҳамоно энг биринчи қилган иши, ўша расми чиққан абитуриентларнинг натижасини текшириш бўлди. Жамоатчилик назорати шундай бўлади, аслида!
Ҳаттоки ўтган йилги Нархоз ҳақидаги мақолалар таъсирида жорий йилда кўпчилик кирган абитуриентларнинг кодларини таҳлил қилишни бошлаб юборган. Ким-ким билан бир гуруҳда ўтирган, ёнма-ёнми ёки узоқда, хуллас халқнинг ўзи ҳар қандай шубҳали нарсаларни текширишга ҳаракат қилишмоқда. Жамоатчилик назорати шундай бўлади, аслида!
Бундан жуда ҳам хурсандман, рости. Одамларнинг текин балиқ тарқатмаслик керак, аксинча уларнинг қўлига қармоқ бериб, балиқ тутишга ўргатиш кифоя. Шуни фойдаси кўпроқ.
Самарқанд масаласига келсак, бу бўйича вилоятдаги масъуллар ва ўзи умуман тест тизимининг шаффофлиги учун жавобгар бўлган мутасаддилар ушбу ҳолатга албатта изоҳ беришлари лозим. Бу изоҳ очиқ ва ошкора бўлсин.
«Кўрпача воқеаси» текширилиши, 8020469 рақамли саволлар китобини ечган абитуриент қандай қилиб бюджетга киргани аниқланиши шарт.
Мен ҳозир ушбу воқеада тахмин ва тусмолларим билан дарров кимнидир айбдорга чиқармоқчи эмасман. Балки саволларни абитуриентнинг ўзи ечгандиру, имтиҳондан сўнг ўзи билан саволлар китобини олиб чиқиб кетгандир (лекин нима учун саволлар китоби букланмаган, бу шунчаки қизиқ). Саволларга 100% жавоб берган абитуриентларга ҳайрон қолмаяпмизку, шунинг учун 163 баллни ўз кучи билан олиши мумкинлигига ҳам ишониш мумкин.
Айтмоқчиманки, кимнидир айблаб, шов-шув қилмасдан расмий изоҳни кутганимиз маъқул. Лекин бир шарти билан - ўша расмий изоҳ албатта берилиши керак!
P.S.: хурсанд бўлаётган томоним, ўтган йилларда бунақа расмлар минглаб чиқарди, лекин эътибор ҳам бермасдик. Оддий ҳол эди. Ҳозир эса шундай тизим яратилдики, битта расм учун ҳамма дод-вой қилиб ташлаяпти. Шу кунларни ҳам кўрадиган кун бор эканку, шукр!
Каналга уланиш:👇
https://t.me/xushnudbek



