Таълим тизимидаги ваколатлар тақсимоти танқид қилинди

Matn6-oktabr, 2020, 21:302 daqiqa0 koʻrish

Нима учун қабул жараёнларига оид оддий масалаларни ҳал қилиш учун ҳам Бош вазирнинг имзосини кутишимиз керак?

Ҳарбий тавсиянома олган абитуриентларнинг рўйхати тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда қайта кўриб чиқилаётган экан. Бу ҳақда ДТМ хабар берди. ДТМнинг узундан-узун баёноти ичида биттагина сал-пал янгироқ гап фақат шу, қолган ҳаммаси олдин айтилган.

Бу кўпчилик учун оддий хабар бўлиши мумкин, аммо мен бу ерда таълим тизимидаги катта муаммолардан бирини кўраман.

Хўп, айтайлик, ҳарбий тавсиянома олганларнинг рўйхати қайта кўрилгандан кейин нима бўлади, нега ДТМ бу ҳақда ҳеч нарса демаган, биласизми? Чунки ДТМнинг буни айтишга ҳеч қанақа ваколати йўқ. Буни ҳар доимгидек Давлат қабул комиссияси ҳал қилади. Яъни шу қолиб кетган имтиёзларни қўллаб, ҳарбий тавсияномалилар ўртасида балларни қайта ҳисоб-китоб қилиш масаласини ҳам Бош вазир тасдиқлаши керак.

Лекин нега? Нима учун ҳамма масала фақат Бош вазир имзоси билан ҳал бўлиши керак? Нима учун қабул жараёнларидаги майда масаладан то каттасигача, бутун бошли Ҳукумат раҳбари тасдиқлаши шарт? Вазирларни нима учун тайинлаганмиз унда? Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ёки Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясини нима учун очганмиз унда? ОТМларнинг ректорларини нима иш қилади унда? Нега уларга ҳатто оддий техник масалаларни ҳам ишонмасдан, ҳамма ваколатни Ҳукумат фақат ўзига олишга ҳаракат қилади?

Бош вазирнинг Ҳукумат даражасида бошқа қиладиган муҳим ишлари камми? Уларни оддий техник масалада ҳам ҳар сафар безовта қилиш шартми? Нима учун ҳар доим қабул жараёнига оид масалалар Давлат қабул комиссиясининг раиси сифатида Бош вазирнинг имзосини кутиб, ортга сурилиб кетиши, кечикиши керак? Нега?

Мана, масалан оддий магистратуранинг жавобларини олайлик. Нима учун салкам 1 ойдан буён эълон қилинмаяпти? Ҳаммаси маълум бўлса, барчанинг баллари эълон қилинган бўлса, кирди-кирмадини ҳисоблаш шунчалар қийин ишми? 1 октябрь деб белгиланган ўқув йили ҳам аллақачон бошланиб бўлган бўлса, нега бунча чўзилаётганига бирор тайинли ва мантиқий изоҳ борми? Шунчаки менга қизиқда, абитуриентлар олдида уялмайсизларми?

Агар вазирларга, бошқа раҳбарларга ёки ректорларга шунчалик ишонмасак, унда нима учун ҳеч бўлмаса шу ваколатларни Бош вазир ўринбосарига бериб қўя қолмаймиз?

Бу саволларни беришдан чарчамайман. Аввал ҳам кўп айтганман, ҳозир ҳам яна такрорлайман. Давлат қабул комиссиясининг ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқиш керак. Уларнинг жуда кўпчилигини қуйи ташкилотлар ва ректорларга бўлиб бериш керак. Давлат қабул комиссияси аксарият ваколатларни ўзига олиб, "ҳаммасини мен ҳал қиламан" дейиши ортидан айниқса охирги йилларда қабул жараёнларига жуда катта салбий таъсир кўрсатмоқда.

Албатта буларнинг барчаси ИМХО.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek