Ташаббусли бюджет лойиҳасида халқ фаоллиги ошмоқда

Matn28-mart, 2022, 20:402 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​«Халқимиз тайёрмас» деган ёлғон тасаввур ҳамда «Ташаббусли бюджет» ҳақида

Бир неча ой олдин, аниқроғи «Ташаббусли бюджет» лойиҳасига энди старт берилган пайтда Молия вазирлигида йиғилиб, қанақа қилиб аҳоли орасида бу тизимни оммалаштирсак экан, ҳеч бўлмаса 5 минг киши қатнашса зўр бўларди, деб роса бош қотиргандик. Чунки "халқимиз бюджет пулларининг ишлатилишига эътиборсиз, бу худди бировнинг чўнтагидаги пулдек қарашади, аслида эса бу ўзининг пули эканлигини тушунмайди", деган тасаввур бор эди. Бюджетни тақсимлашда халқ ҳам фаол иштирок этсин, деган гаплар жуда баландпарвоз бўлиб туюлганди ўшанда. Эсимда, "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси ҳақида каналамиздаги биринчи овозли чатимизда ҳатто минг киши ҳам қатнашмаган, айрим пайтида атиги 300 киши эшитиб ўтирган. Бу ҳолатга Tentakminds канали «ҳамма гап ўзимизда» деб изоҳ берганди ўшанда.

Аммо биринчи мавсум кутилганидан ҳам яхшироқ бўлди. 40 мингдан ошиқ ташаббус қолдирилди. Умумий овозлар сони 1 млндан ошди.

Ҳозир давом этаётган 2-мавсумда эса ташаббус сони 70 мингтага етди. Молия вазирлигининг хабар беришича, умумий овозлар сони 6 миллионга яқинлашган. Бу жуда катта ва қувонарли рақам!

openbudget.uz сайти эса ўзбек сайтлари рейтингида энг кўп ташрифлар сони бўйича 2-ўринда бормоқда.

Фаол ва ўз ҳудудига бефарқ бўлмаган фидойи инсонлар ҳар бир ташаббус бўйича алоҳида режалар ишлаб чиқишмоқда, махсус тактика ва стратегиялар қўллашяпти. Жойларда тарғиботнинг турлича усулларидан фойдаланишмоқда. Тўғри, улар орасида маъмурий усуллардан фойдаланаётган ҳокимликлар ҳам йўқ эмас, лекин бу бошланишига ўта нормал ҳолат. Бунга ҳайрон бўлмаслик керак. Вақт ўтиши билан бу ҳам изига тушиб кетади, албатта.

❗️Асосийси халқимиз фаоллашди. Бюджетнинг ҳар бир тангаси ўзиники эканлигини танасида ҳис қилишни ва бу пулларни сарфлашда иштирок этишга ўрганмоқда. Ҳозирча «Ташаббусли бюджет»да чекланган маблағ бўлса-да, аммо бора-бора асосий бюджет ҳақида ҳам одамлар қайғуришни, бефарқ бўлмасликни, бюджетдаги ўғирликлар ва талон-торожларга қарши жамоатчилик назорати ўрнатишни ўрганиб олишига ишонаман. Бу эса фақат ва фақат жамиятимиз ривожи учун ёрдам беради.

Биз кўп нарсаларда халқимиз ҳали тайёрмас, деб нотўғри ўйлаймиз. Аслида одамларга балиқ тутишни ўргатиб қўйсак бўлди, қолганини ўзи бемалол эплайди. Фақат энг аввало халқимизга ишонишни бошлашимиз керак.

ℹ️ Айтганча, «Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсумига овоз бериш 31 март соат 23:59 га қадар давом этади. Сиз ҳам openbudget.uz сайтига киринг ва муҳим деб ўйлаган лойиҳангизга овоз беринг. Бюджет пулларининг тақсимланишида сизнинг овозингиз ҳам ҳал қилувчи эканлигига ишонинг.

👉 @xushnudbek 👈

  • 👍 1164
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek