ССПга мажбурий аъзолик ва бадаллар муҳокамаси

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn3 daqiqa0tahrirlangan

Ўзини оқламаган «оқлов»

Савдо-саноат палатаси муҳокамалар марказида турган қонун лойиҳаси бўйича муносабат билдирибди.
http://www.chamber.uz/uzk/news/5576

Муносабатнинг асосий иккита муҳим жиҳати бор.

1️⃣ Биринчидан, қонунга таклиф этилаётган ўзгартиришдан асосий мақсад, кеча биз айтган ҳолатлар билан бир хил бўлиб чиқди. Буни ўзлари ҳам тан олишибди ва қўшимчасига аниқ рақамлар ҳам келтиришган (бунинг учун алоҳида раҳмат).

Яъни лўнда қилиб айтганда, вазият қуйидагича:

• 2018 йилдаги Қонун бўйича йирик тадбиркорлар ўзлари истаса-истамаса Палатага мажбурий аъзо қилиб келинмоқда;

• Ўзбекистонда бугунги кунда 2313 та йирик тадбиркорлик субъекти бор экан. ССПга эса уларнинг 218 таси мажбуран аъзо қилинибди. Йирик тадбиркорлик субъектларининг қолган 2095 таси хусусий тадбиркор бўлгани учун палатага мажбурий аъзо бўлишдан бош тортибди;

• ССП таклиф этаётган лойиҳанинг мазмуни шундаки, ҳозирги қонундаги лазейка (бўшлиқ)дан фойдаланиб мажбурий аъзо бўлишдан бош тортаётган ўша 2095 та хусусий (йирик) тадбиркорни ҳам ўзларига бир амаллаб мажбурлаб аъзо қилиб олишмоқчи;

• агар рақамларга қарасак, ССПга 20 минг 321 та хўжалик юритувчи субъект аъзо экану, лекин 2019 йилда уларнинг атиги 4 минг 575 таси аъзолик бадалини тўлабди. Демак, салкам 16 минг аъзо бадал тўламаган. Бундай ҳолатда ССПга мажбуран аъзолик бадали тўлаб турадиганлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Доимий пул тушиб туради, ортиқча ғам бўлмайди, тадбиркорларнинг орқасидан ялиниб юриш шартмас ёки уларнинг ишончини қозониш учун ортиқча ҳаракат ҳам талаб этилмайди. Мажбурми, тамом, тўлайди. Тўламаса, суд орқали ундириб олинади;

• ССПга мажбурий аъзолик бадали йилига ўртача 25 млн сўм экан. Агар улар бир амаллаб ҳозир таклиф қилаётган қонунни ўтказиб олишса, унда ССПга мажбуран бадал тўлайдиган яна 2095 та “мижоз” пайдо бўлади. Бу эса йилига тахминан 52 млрд сўм келиб тушади дегани. Ким ҳам осмондан тушадиган бундай осон бойликни хоҳламайди дейсиз?

❗️Эътибор беринг, Палатанинг 78% аъзоси 2019 йилда бадал тўламабди. Нима учун? Балки палата яхши ишламаётгани, уларнинг ишончини оқламаётгани учундир? Яъни 16 минг тадбиркорларимиз ССП бадал тўлашга арзигулик иш қилмади, деб ҳисоблагандир? Ёки шундоқ ҳам тадбиркорларимиз кам даромад топаётган, шундоқ ҳам бизнеси гуллаб кетмаётгани учун, уларга аъзолик бадали оғирлик қилаётгандир? Ҳар иккала вариантда ҳам мажбурий аъзолик нақадар нотўғри қадам эканлигини тушуниш қийин эмас.

2️⃣ Иккинчидан, ССП қисман ёки тўлиқ мажбурий аъзолик жорий этилган давлатлар номини санабди. Уларнинг рўйхатида 11 та давлат номи саналган. Бутун дунёда яхлитлаб 200 та давлат бор деб ҳисобласак, шуларнинг атиги 11 тасида мажбурий аъзолик бор, қолган 189 тасида аъзолик ихтиёрий экан.

Энди инсоф билан айтингчи, иқтисодиётимиз шундоқ ҳам ёмон аҳволда бўлиб турган бир шароитда 11 та ривожланган давлатдаги қоидани рўкач қилиб, тадбиркорларимизга бундай мажбурий “солиқ” солиш адолатданми? Япония, Сингапур, Германия каби давлатларнинг иқтисодиёти қаёқдаю, бизники қаёқда?

Жуда ривожланган давлатлардаги одатларни кўчиргингиз келаётган экан, унда энг аввало ўша 11 давлатда тадбиркорларга яратилган шароитни ҳам қилиб беринглар. Ана ундан кейин уларнинг пулини мажбурлаб бирор жойга йўналтирсангиз, сал-пал тушунса бўлади.

Ҳудудларда тадбиркорлик учун оддий электр энергияси ва газ етарли таъминлаб берилмаётган бир пайтда, қанақа қилиб тадбиркорларни нодавлат ташкилотга бадал пули тўлашга мажбурлаш мумкин, ақлимга сиғмайди, рости.

Хуллас, шунақа гаплар. Гапирса гап кўп, умр оз.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek