Солиқ тизимидаги 1245 нафар ходимнинг тақдири
Баъзи хабарларни ўқиб на хафа бўлишингни, на хурсанд бўлишингни билмайсан. Виждон ва касб ўртасида қийналасан.
Масалан, куни кеча Солиқ қўмитаси тизимида 1245 нафар ходим ишдан бўшатилди, деган хабарлар чиқди.
Биринчидан, улар бўшатилмаган, бу нотўғри хабар.
Иккинчидан, меҳнат шартномасини бунча одам билан бекор қилишни ўзига яраша тартиби ва муддатлари бор. 1-2 кунда бўладиган иш эмас бу.
Унда бу гаплар қаердан чиқди? 26 июндаги ПҚ-3802-сонли Президент қарорининг 12-бандида қуйидагича ёзилган:
Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари фаолиятида коррупциявий жиҳатларга барҳам бериш мақсадида Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилсин.
Демак, шу бошқарма ва ҳудудий бўлинмаларидаги 1245 нафар ходимнинг ўрни қисқартирилади. Бунинг учун камида 2 ой олдин огоҳлантириш бериш керак.
Кейинги масала коррупциявий жиҳатлар ҳақида. Демак, ушбу бошқарма коррупцияга мойил дея баҳоланмоқда ва ўша ходимларни солиқ тизимидан буткул четлатиш режалаштирилган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 92-моддасига кўра, агар “сокрашения” бўлса, унда ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса, - корхонада мавжуд бўлган бошқа иш таклиф этилиши шарт. Яъни ўша 1245 нафар ходимга албатта солиқ тизимидаги бўш иш ўринлари таклиф этилиши шарт.
Аммо, лекин, бироқ... Уларга иш таклиф қилиш уёқда турсин, ҳалитдан “бўшатдик” деб хабар чиқаришди.
Шу жойда одам фикр беришга қийналади-да. Кўча-куйда, танишларимиз орқали кўп эшитганмиз, аксарият солиқчилар деярли ҳар бир дўкон, ҳар бир тадбиркорлик субъектидан “доля”да ўтирган. Айрим жойларда чинакамига тадбиркорларнинг қонини сўришган (танганинг иккинчи томони – тадбиркор ҳам жааа оппоқ ишламайди, сиздан угина-биздан бугина принципи).
Лекин ҳаммамиз биламиз дегани, ҳамма айбдор дегани эмас. Оммавий айблов қўйиш осон ишмас. Камида айбсизлик презумпцияси майдонга чиқиши керак.
Ният ва мақсад тушунарли: тизимни тозалаш, коррупцияга мойил бўлган тармоқни бутунлай тугатиш. Шахсан мен буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман, ахир бу зўрку!
Аммо бу “тозалаш” ишлари қай даражада меҳнат қонунчилигига мувофиқ ўтказилади, мана бу катта савол.
Дилемма шундаки, холис ниятда қонундан четланиш мумкинми? Фикрлар иккига бўлинади. Кимдир тўғри, кимдир нотўғри дейди.
Ҳали хулоса қилишга эрта. Солиқ тизимидаги “тозалаш” ишлари балки тўлиқ қонун талаблари асосида ташкил қилинар (уларга бўш иш таклиф қилинар). Балки кенг тарқалган эски усулдан фойдаланишар: “аризангни ёз, бўша”. Ҳозирча бу менга қоронғу.
Асосийси ҳали 1245 киши бўшатилмаган, шу аниқ.
Ҳа, айтганча, мен доим қонун тарафдориман. Гарчи ният холис бўлсада, бу ниятни қонунни четлаб ўтиш орқали бажармаслик керак. Бу менинг шахсий фикрим, албатта.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
