Солиқ можароси юзасидан Давлат солиқ қўмитаси баёноти
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganСолиқ можароси юзасидан баёнот берилди
Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Кудбиев раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги йиғилишда «нақдлаштирувчи фирма» ва корхоналарни аниқлаш механизмини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди ва қуйидагилар қабул қилинди:
1. Янги механизмга ўтиш даврини ҳисобга олган ҳолда, истисно тариқасида, 17 февраль эрталаб соат 10:00 дан олдин «бир кунлик» фирмалар билан шубҳали операцияларни амалга оширганлиги хавфи нисбатан кам бўлган 2960 тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқлари 2021 йил 1 мартгача вақтинчалик бекор қилинди;
2. Реестрга киритилган шубҳали корхоналар билан операцияларни амалга оширган хўжалик юритувчи субъектларга битимларни ўрганиб чиқиш учун камерал солиқ текширувини ўтказиш бўйича Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиш имконияти берилди. Ижобий хулоса қилинган тақдирда, инкассо топшириқномаларини бекор қилиш ва илгари камайтириб кўрсатилганлиги учун ундирилган маблағларни қайтариб берилиши таъминланади.
3. «Нақдлаштирувчи фирма »ларни аниқлаш юзасидан амалиётга жорий қилинган янги механизмни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларини қониқарсиз олиб борганлиги, шунингдек солиқ тўловчилар билан етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги учун Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, Тошкент шаҳар ДСБ Камерал назорат ва ҚҚС маъмурчилиги бўлимлари ҳамда ДСҚ Матбуот хизмати бошлиқларига хайфсан берилди.
Шунингдек, 16 февралда ДСҚга ариза берган 57 та корхонада ўтказилган солиқ назорати тадбирлари натижалари:
- 52 та корхонада (91,3%) қалбаки операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
- 1 та корхонада (1,7%) қалбаки операцияларни амалга ошириш ҳолати тасдиқланмади, шу сабабли ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тазкор жараёнлар бошланди;
- 4 та корхонада (7%) ноқонуний ҳисобга олиш қисман тасдиқланган.
Шунингдек, биргина Тошкент шаҳрида 74 та корхона ноқонуний ҳисобга олганлигини тан олиб, ихтиёрий равишда 4,6 миллиард сўм миқдоридаги маблағ бўйича қайта ҳисоб-китобни амалга оширди.
👉 @xushnudbek 👈



