Санкт-Петербург халқаро юридик форуми онлайн ўтказилмоқда
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0Юристлар ва юридик соҳага қизиқувчилар учун тавсия
Анъанавий тарзда ўтказиладиган Санкт-Петербург халқаро юридик форум коронавирус сабабли қолдирилган эди. Унинг ўрнига «9½ онлайн форуми: коронавирус қонунлари» махсус халқаро онлайн форум ташкил қилинди. https://lfacademy.ru манзили орқали ушбу форумдаги маърузаларни томоша қилишингиз мумкин.
Пандемия шароитида ва ундан кейин юридик соҳа ҳам катта ўзгаришларга дуч келади. Сабаби оддий, чунки пандемиядан кейин ўзи умуман ижтимоий ҳаёт тарзи ҳам ўзгаради ва бу юристлар учун янги кейслар ҳамда вазифаларни пайдо қилади.
Бундан ташқари дунёдаги деярли барча давлатларда бундай кутилмаган фавқулодда шароитнинг ҳуқуқий томонлари батафсил белгиланмагани, кўплаб қонун-қоидалар, чекловлар воқеалар ривожидан келиб чиқиб ишлаб чиқилаётгани ва тез-тез ўзгариб туриши ҳам кузатилмоқда.
Онлайн форум доирасида 10 апрель куни Россия, Сингапур, Арманистон ҳамда Ўзбекистон адлия вазирлари иштирокида очиқ мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотда Россия адлия вазири Константин Чуйченко ҳам айни юқоридаги масалада яхши фикр билдирди. У айтдики, ҳозирги шароитда фуқаролар янги ўрнатилган қонунларни қачон ҳурмат қилишни бошлайди, қачонки улар ушбу қоидалар нима учун кераклиги ва бундан қандай фойда борлигини яхши тушунса. Бунинг учун албатта кўпроқ тарғиботга урғу қаратиш керак.
Шахсий фикримча, пандемиядан кейин ҳуқуқий муносабатлар онлайн, масофадан туриб ишлашга мўлжалланган ҳолда ривожланади. Бозорда IT соҳасини яхши билган, унинг нозик қирраларини англай оладиган юристларга талаб ортади. Шу сабабли, ҳамкасбларимизга маслаҳатим, бўш вақтингиз бўлса ахборот технологияларини, янги трендларни, интернетдаги ҳуқуқий муносабатларни ўрганишга эътибор қаратинг. Бу келгусида ўзингиз учун фойдали бўлиши мумкин.
Онлайн форумда бугун 2 та қизиқ сессия бўлади. Биринчиси «Меҳнат муносабатларининг янгилинаши. Янги шароитларда иш берувчилар ва ходимлар манфаатларининг мувозанатини топиш» деб номланса, иккинчиси «Пандемия ва адвокатура: ким кимга?» мавзусига бағишланади. Кўришни тавсия қиламан.
P.S.: эътиборли жиҳати, адлия вазирлари мажлисида Русланбек Давлетов ниқоб билан қатнашди ва Ўзбекистонда ниқоб тақиш мажбурий этиб белгилангани, шу сабабли ҳамма қоидаларга амал қилаётганини таъкидлади.
👉 @xushnudbek 👈



