Тўловларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича тавсиялар

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0

Бугунги ишни эртага қўйманг. Агар имконингиз бўлса...

Ҳозирги пандемия шароитида давлат томонидан тадбиркорлар ва фуқароларга бир қатор имтиёзлар ва қулай шароитлар жорий этилмоқда. Масалан, молиявий қийинчиликка дуч келганлар учун кредит тўловлари 1 октябрга қадар кечиктирилди, интернет ёки симли телефон хизматидан қарз бўлса ҳам тармоқдан узмаслик белгиланди, тадбиркорлар ва фуқароларга айрим солиқ имтиёзлари берилди ҳамда солиқларни тўлаш муддатлари кечиктирилди ва ҳ.к.

Муҳим томони, ушбу имтиёзларнинг аксариятига эътибор қилсангиз, тўловга имконияти йўқлар ҳақида гап бормоқда. Яъни ҳақиқатдан карантин сабабли даромадидан бутунлай айрилган, фаолиятини тўхтатган юридик ва жисмоний шахслар учун бу катта ёрдам бўлади. Аммо орамизда бугун молиявий имконияти бўлса ҳам, тўловларни кечроқ тўлашни режа қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Агар ёдингизда бўлса, биз аввал ҳам интернет/телефон қарз бўлса ҳам узиб қўйилмаслиги ҳақида хабар чиққанда, шахсий маслаҳатимизни айтган эдик. Бугун шу дўстона маслаҳатни яна такрорламоқчимиз, маъқул келса қабул қиларсиз.

✅ Тўловга бугун имкониятингиз борми, унда эртага қолдирмасдан кредитни ҳам, солиқларни ҳам, коммунал тўловларни ҳам, интернет учун хизмат ҳақини ҳам ўз вақтида тўлаб қўяверинг.

Биринчидан, бу ўзингиз учун фойда. Карантинлар тугагач, ҳамма қарзларингиз йиғилиб, жуда катта сумма бўлиб кетса, аксинча ҳозиргидан ҳам қийналиб қоласиз. Фақат бугунни эмас, эртани ҳам ўйлаш керак.

Иккинчидан, бу ишингиз, яъни имкониятингиз бўлган ҳолда кредитларни, солиқларни, коммунал ва бошқа тўловларни ўз вақтида олдингидек тўлашингиз, ҳозирги қийин ва мураккаб шароитда давлат бюджети учун, бошқача айтганда ўз-ўзидан халқимиз учун катта ёрдам ва тиргак бўлар эди. Коронавирусга қарши курашиш, унинг олдини олиш, минглаб юртдошларимизни карантинда ушлаб туриш, беморларни даволаш, муҳтож оилаларга нафақалар тайинлаш, озиқ-овқат билан таъминлаш каби катта масштабли ишлар учун албатта катта пул керак. Бўш қоп тик турмайди ахир. Агар имконимиз бўла туриб, тўловларни кечиктираверсак, охир-оқибат бунинг тўлқини ўзимизга қайтиб келади;

Учинчидан, бу ишингизни яхшиликка тенглаштириш ҳам мумкин. Ҳозир кўриб турибмиз, қийналган оилаларга, муҳтож юртдошларимизга кўпчилик хайр-эҳсонлар улашиб, уларга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Эҳсон, бу – кўнгилдан чиқариб ортиқча, кўзда тутилмаган тўловларни амалга ошириш дегани. Яъни эҳсон қилишга ҳеч ким мажбур эмас. Лекин бир ўйлаб кўринг, Сиз эҳсон қилмасдан ҳам муҳтожларга ёрдам беришингиз мумкин. Бунинг учун молиявий имконингиз бўлса, қарзларингизни (❗️) тўласангиз, яъни мажбуриятларингизни ўз вақтида бажарсангиз кифоя!

Хуллас, шунақа гаплар. Бу шунчаки дўстона маслаҳат эди, қарор қабул қилиш ўзингиздан.

P.S.: яна қайтараман, бу маслаҳатларим молиявий имкони бор тадбиркорлар ва фуқароларга қаратилган. Ҳақиқатдан қийинчиликка дуч келган, даромадидан айрилган юртдошларимиз эса давлат томонидан берилган имтиёзлардан тўлақонли фойдаланишлари мумкин.

Тезроқ бу балолар даф бўлсин, деб дуодамиз.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek