Рўзадорлар учун тилни тийиш ва одоб ҳақида ҳадис
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас», дедилар».
Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Баъзи бир кишилар рўзани тутиб олиб, тилини тиймай, ёлғон гапирадилар, иғво, бўҳтон, ғийбат қиладилар, турли ёмон ишлардан ўзларини тиймайдилар. Бундай кишилар рўзанинг фойдасидан, савобидан маҳрум бўладилар. Уларга рўза тутишдан фақат оч қолганлиги қолади, холос.
Шунинг учун ким рўзадан тўла манфаат олмоқчи, савобига тўлиқ эришмоқчи бўлса, ўзини таом ва шаробдан ташқари беҳуда, бўлмағур гап-сўз ва амаллардан тиймоғи лозим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан.
👉 @xushnudbek 👈


