Рўзанинг учта даражаси ва иймон ҳаловати ҳақида
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Назар солиш шайтоннинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Аллоҳдан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ азза ва жалла унга қалбида ҳаловатини топадиган иймон беради», дедилар».
Имом Ҳоким ривоят қилган.
Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир.
Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат.
Иккинчи даража хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда ўлароқ кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдан иборатдир.
Учинчи даража хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда ўлароқ, қалбни пасткаш ҳимматлардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳ таолодан бошқа нарсалардан тийишдан иборатдир.
Хос инсонларнинг рўзаси «солиҳлар рўзаси» деб ҳам номланади. Бу даражадаги рўзанинг мукаммал бўлиши барча ёқимсиз ва ёмон нарсалардан кўзни тийиш ҳамда қалбни Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга машғул қилмаслик ила рўёбга чиқади.
Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Хислатли ҳикматлар шарҳи» 1-жуз, китобидан.
👉 @xushnudbek 👈



