Chevrolet Tracker нархлари ва миллий монополия муаммоси
Manba:Muhrim / Муҳрим
Қозоғистонда Chevrolet Tracker 2017 йилдан бери йиғилади, бизда эса бу йилдан бошланди бу машинани йиғиш (ишлаб чиқариш бошқа, йиғиш бошқа).
@davletovuz’нинг ёзишича, GM Uzbekistan келаси ҳафтадан Tracker’ни сотувга чиқараркан. LT модификацияси 185 миллион сўм, LT AT (автомат) модификацияси эса 215 миллион сўмдан. Cobalt’дан 23 сантиметрга калтароқ мошинга 215 миллион сўм. Ҳозирча GM Uzbekistan’нинг сайтида бу ҳақда бирор маълумот йўқ.
Лекин Chevrolet’нинг Қозоғистондаги сайтида LT модификациянинг ҳам, LT AT модификациянинг ҳам (бошқа модификацияларнинг ҳам) нархларини кўриш мумкин. LT бизнинг пулда тахминан 143 миллион сўм, LT AT эса 169 миллион сўм. Ҳатто Канадагидан ҳам арзон — Калгарида LT AT 185 миллион сўмга айланаркан.
Қозоғистонда маънавиятнинг аҳволи қандай, уларда ҳам миллий менталитет борми-йўқми, осмони қанчалик мусаффо — булардан хабарим йўқ, албатта. Лекин биз билан бир вақтда ва деярли бир шароитда старт олган бу қўшни мамлакат ҳозир биздан анча-мунча илгарилаб кетгани — бу сизга ва менга ёқадими-йўқми — факт.
Куни кеча Spot’да ҳам қизиқ бир материал чиққанди. Нега Қозоғистонда орқада қолиб кетаётганимиз ҳақида. Икки мамлакатда лоукостер (билети арзон) авиакомпания ташкил этиш жараёни қандай бўлгани ҳақида. Назарбоев «лоукостер очларинг!» деб буйруқ берганидан кейин бир ҳафта ичида қозоқ давлат лоукостерининг лойиҳаси жамоатчиликка эълон қилинди: қаерга учади, қанақа самолётларда учади, чипта нархи қандай бўлади — ҳаммаси айтилди.
52 ватандош Қозоғистонда ёниб кетгач, Ўзбекистонда ҳам лоукостер ташкил этиш керак, деган фикр туғилди. Президент Мирзиёев мартдаги қарорида «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га лоукостер ташкил этиш бўйича аниқ таклифни 1 майгача ҳукуматга киритиш ҳақида топшириқ берди. Бу орада ўзбек лоукостери 2018 йил охиригача ишга тушиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди-ю, Худо хоҳласа, 2018 йил ҳам якунига етяпти, мана, лоукостердан дарак йўқ.
Россияга кетаётган, у ердан қайтаётган ҳамюртларимиз эса ҳамон қозоқ даштларида бузилиб қолаётган автобусларда музлашда давом этмоқда.
Шу GM Uzbekistan (ёки миллий автосаноат) бўлмаганида, у Chevrolet Tracker’ни йиғмаганида, сотувга ҳам чиқармаганида эди, шунча гап-сўз йўқ эди. Бизда эса автомат-коробка Tracker’ни 215 миллиондан анча паст нархга сотиб олиш имкони бўларди — чунки ички бозор «маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш» мақсадида ёпилмаган, божхоналар очиқ, Сергелидаги машина бозори эса Tracker’дан яхшироқ, маънан янгироқ ва арзонроқ машиналарга тўла бўларди.
Бу фикрни ҳамма монополияларимизга нисбатан қўлласа ҳам бўлади, бундай олиб қараса. Осмонимиз мусаффо, маънавиятимиз юксак, тарихимиз буюк, келажагимиз ундан-да буюк, фақат бир муаммо бор — миллий монополияларимизга асирмиз, холос.

