GM Uzbekistan ва Монополияга қарши қўмита баҳси
Ҳалигина монополия ҳақида гапириб турувдик, шу мавзуга оид ўта антиқа хабар чиқиб қолди.
Балки хабарингиз бордир, кеча Монополияга қарши курашиш қўмитаси GM Uzbekistan томонидан 2018 йилда сотилган 6,5 мингдан ортиқ Nexia-3 (2-позиция) автомобиллари комплектациясида туманга қарши олд фаралар охиригача етказиб берилмаганини маълум қилган эди.
Қўмита талаби билан, автомобиль ишлаб чиқарувчи аввал сотилган 6 мингтадан ортиқ автомобиллар комплектациясидаги фараларни етказиб берган ва истеъмолчиларга 2,5 миллиард сўмдан зиёд зарарни қоплаган, дейилганди хабарда.
Кейин ундан ҳам қизиқ бўлди. GM Uzbekistan бу хабарни рад қилиб, қуйидагича баёнот билан чиқди:
«Автомобилларни туманга қарши фараларсиз харидорларга етказилиш ҳолатлари мазкур бутловчи қисмнинг етказиб берилишида кечикиш юзага келганлиги сабабли харидорларни огоҳлантирган ва улар билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Автомобилларни эгаларига ўз вақтида етказиб бериш мақсадида компания уларни вақтинча туманга қарши фараларсиз, кейинчалик ўрнатиб бериш шарти билан қарор қабул қилган.
Туманга қарши фараларнинг Монополияга қарши курашиш қўмитасининг талаби билан қўйиб берилганлиги ҳақиқатга тўғри келмайди, сабаби автомобилларга мазкур бутловчи қисмларни ўрнатиб бериш «GM Uzbekistan» компанияси томонидан доимий назоратда бўлган ва бу ҳақда харидорлар ҳам огоҳлантирилган».
Яъни GM фараларсиз машина берганини тан оляпти, фақат харидорларга зарарни тўлашга Қўмитанинг алоқаси йўқ, дейишди.
Икки ташкилотнинг ахборот жанги шу билан тугаса керак, деб ўйлагандик, бугун Қўмита кечагидан ҳам даҳшат ва айтиш жоиз бўлса Ўзбекистон шароити учун ҳеч кутилмаган баёнот берди. Унда қуйидагича гаплар бор:
«Шу билан бирга, юзага келган вазият бўйича монопол мавқега эга компаниянинг тутган позицияси, унинг корпоратив маданияти ва қадриятларига нисбатан бир қанча саволларни юзага келтирмоқда.
Маълумки, автомобил ишлаб чиқариш индустриясида фаолият юритаётган глобал компаниялар одатда камчиликлар аниқланганда сотувга чиқарилган автомобилларни оммавий тарзда қайтариб оладилар ва зудлик билан нуқсонларни бартараф этадилар. Энг асосийси, уларнинг бизнес юритиш ананаларига кўра улар истеъмолчилар ва мижозлардан ошкора оммавий тарзда узр сўрайдилар (мисол учун, Toyota, Volkswagen ва бошқа компаниялар)...
Бироқ, “GM Uzbekistan” АЖни хатти-ҳаракатларида қуйидагини кузатиш мумкин.
Хусусан, комплектацияларида етишмовчиликлар мавжуд бўлган автомашиналар оммавий тарзда қайтариб олинмаган ёки етишмовчилик тўғрисида тегишли тартибда эълон қилинмаган, ушбу вазият бўйича кўп ҳолатларда истеъмолчиларга тегишли тарзда маълумотлар берилмаган, уларни бартараф этиш учун қулайликлар яратилмаган, масалан, Тошкент вилоятининг Бекобод (узоқлик – 150 км), Бўка (80 км.), Чирчиқ шаҳарларида (100 км) автомобил харид қилган истеъмолчилар туманга қарши ёритгич ўрнатиш учун Чиноз туманига келишга мажбур бўлганлар, камчиликни бартараф этиш муддатлари чўзиб юборилган, алоҳида ҳолатларда 2018 йилнинг октябр ойида сотиб олинган автомобилларга бугунги кунга (6 ой ўтган) қадар комплектацияни бутлаш иши амалга оширилмаган.
Юқорида келтирилган ҳолатлар, бозорда муайян хўжалик юритувчининг монопол мавқеи вужудга келиши унинг истеъмолчилар олдидаги маъсулияти пасайишини келтириб чиқаришига яна бир бор далил бўлмоқда».
Мана шунақа гаплар. Биргина туманга қарши фаралар устида бўлаётган гап-сўзлар монополия нақадар жирканчлигини, монопол ташкилотлар эса безбетроқ бўлишини кўрсатиб турибди.
👍 - Яшасин, монополия!
👎 - Йўқолсин, монополия!
👉 @xushnudbek 👈

