Muhrim A’zamxo‘jayev Telegram’da shaxsiy kanalini ochdi

Matn23-avgust, 2018, 09:452 daqiqa0 koʻrish

Қалами ўткир ва қари блогерлардан (ёши эмас, блогерликдаги тажрибаси назарда тутилмоқда) бири, Ўзбекистонда ўтказилган биринчи блогерлар чемпионати чемпиони Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам Телеграмда шахсий канал очибди ➡️ @muhrim.

Каналда ҳамма ерда ҳам айтилавермайдиган, теша тегмаган фикрларни ўқишингиз мумкин. Мана, Муҳримнинг постларидан бири:

@muhrim

Бир жуда яқин, жуда яхши акахоним GM Uzbekistan ва унинг монополияси танқидига бағишланган бир мақола остида, тўғрисини айтсам, жуда тўғри танқидий коммент қолдирганлар: «Бойкот эълон қилиб, бир ой давомида ҳеч нарсасини сотиб олмаслик керак. Шунда, ўйлашимча, нархлар мўъжиза юз бергандек, ҳеч ким сотиб олмаётгани учун, ўз-ўзидан пастлайди».

Қани энди, бир уюшиб шундай қила олсак. Ҳар қандай нормал компания бундай ҳолатда ё касод бўлади, ё тўла касод бўлмаслик учун ҳам маҳсулотини худди Россияда арзонроғига сотганидек, Ўзбекистонда ҳам арзонроқ сота бошлайди. Бойкотга учраган 100 та компаниядан 99 таси шу ишни қилган бўларди, балки. Лекин шу ишни қилмайдиган битта компания бўлса, у ҳам, менимча, GM Uzbekistan (ёки «Ўзавтосаноат» — Алихўжа, Хўжаали).

GM Uzbekistan 23 кундан бери (бу деярли бир ой, дегани) Ўзбекистонда автомобиль сотаётгани йўқ. Биз унга бойкот эълон қилгунимизча, тўғрисини айтганда, у ўзбекистонлик харидорларига аллақачон катта, дода-хўжа бойкот эълон қилиб бўлган. Эрта-ю кеч маҳсулот ишлаб чиқарадиган, айни вақтда 23 кундан бери бирорта маҳсулот сотмаган нормал компания, менимча, синади. Агар аллақачон синиб бўлмаган бўлса.

Бу — монополиянинг ифлос ва жирканч юзи. Афсуски, биз мана шу ифлос ва жирканч юз билан бирга яшашга, ишлашга, олди-сотди қилишга маҳкуммиз. Кулгинг келади, лекин йиғлагулик ҳолат.

PS. «Ўзавтосаноат» 23 кун машина сотмай, яна бир нарсани исботлади — Ўзбекистон машина заводларисиз ҳам яшай оларкан. «Ўзавтосаноат» монополиялари бўлмаса ҳам Ўзбекистонда ҳаёт тўхтаб қолмас экан. Машина заводинг бўла туриб, у 23 кундан бери машина сотмаса — бу унинг йўқлиги билан тенг, шекилли.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek