Ўзавтосаноат аҳолини автомобиль билан таъминлашни оширмоқчи
Manba:Daryo — LIVE
«Ўзавтосаноат» аҳолининг автомобиль билан таъминланганлик даражасини 2,3 баробарга оширмоқчи
Ўзбекистонда аҳолининг енгил автомобиллар билан таъминланганлигини 2,3 баробарга ошириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга мамлакатнинг автомобиллаштириш даражасини минг киши учун 166 автомобилга етказиш режалаштирилган.
Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» вакиллари 7 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. @onlyinuzbekistans каналининг ушбу режа ва мақсадларга нисбатан муносабати эътиборга лойиқ:
«Фақат Ўзбекистонда аҳолининг қанча автомобиль сотиб олиши ‘юқори’дан режалаштирилади... Аслида-ку, ‘Ўзавтосаноат’ деган давлат компанияси бўлмаганида, GM Uzbekistan монопол мавқеда бўлмаганида, чегаралар очиқ бўлганида, Ўзбекистон аллақачон юқоридаги маррани эгаллаган, яъни ҳар минг киши 166 та эмас, балки 250 та автомобилга эга бўлган бўлар эди...
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда ҳар 1000 кишига 67 та автомобиль тўғри келган. Худди шу рақам Қирғизистонда 2011 йилда 211 та (‘Қирғизавто’си йўқ), Грузияда эса 2014 йилда 155 та (‘Грузинавто’си йўқ) бўлган. Қозоғистон эса аллақачон биз олдимизга қўйган маррага эришган...
Мамлакатда ҳалиям СССР госпланидаги иқтисодчилар даври ҳукм сурмоқда. ‘Кейинги беш йилликда (пятилетка) 500 минг оила совутгичли, 750 минг оила телевизорли, 200 минг оила ‘жигули’и бўлади’, деб ҳисоб-китоб қилади, уялмай оммавий ахборот воситаларига интервью беради.
Одамларнинг машинали бўлиши ҳеч қачон ‘Ўзавтосаноат’нинг саъй-ҳаракати билан эмас, балки ҳукуматнинг яқин ва узоқ истиқболда аҳоли даромадларини ошириш, отнинг калласидек бож сиёсатини бекор қилиб, мамлакатда сифатли ва арзон автомобиллар бозорини шакллантириш билан боғлиқ, аслида. Модомики ‘Ўзавтосаноат’, GM Uzbekistan сингари ўзбек халқининг ризқ-насибасини туя қиладиган монопол компаниялар бор экан, одамларимиз учун автомобиллар ҳали бери кундалик турмуш учун керакли воситага айланмайди».

