ФҲДЁ архив маълумотномалари ДХМ орқали берилади
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0Тошкент шаҳрида ФҲДЁ ҳақидаги архив маълумотномалар Давлат хизматлари марказлари орқали берилади
Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида жисмоний шахсларга фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари (ФҲДЁ) ҳақидаги (туғилиш, никоҳ, никоҳдан ажралиш, ўлим, ёлғиз она, оталикни белгилаш, маълумотлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида ва бошқа) архив маълумотномаларни бериш Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади. Ҳозирча хизмат фақат Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда, қолган ҳудудларда ишга тушириш учун босқичма-босқич ишлар кетмоқда.
Бугундан, яъни 7 июндан бошлаб мурожаатчилар мазкур давлат хизматидан экстерриториал тамойил асосида – пропискасидан қатъи назар ўзларига қулай бўлган, исталган ДХМларга келган ҳолда фойдаланишлари мумкин.
Давлат хизматидан фойдаланиш учун тўлдириладиган сўровномага қуйидагилар илова қилинади:
• паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат нусхаси;
• ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда – ишончнома нусхаси;
• ариза берувчининг марҳумга қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлари;
• ариза берувчи васиятномага асосан меросхўр бўлганда — васиятнома ва марҳумнинг ўлими ҳақида гувоҳнома нусхалари, ариза берувчи қонуний вакил бўлса – уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.
Ариза берувчи тақдим этган ҳужжат нусхалари ДХМ ходимлари томонидан уларнинг асл нусхаларидан олинади.
Давлат хизматини кўрсатганлик учун ЭКИҲ 5 фоизи миқдорида (бугунги кунда 10 минг сўм) йиғим ундирилади.
❗️Эътибор беринг: агар архивдан ФҲДЁга оид маълумотлар керак бўлса, давлат хизматлари марказига борасиз. Агар илк маротаба ФҲДЁ ҳужжатларини олмоқчи бўлсангиз (масалан, янги туғилган фарзандингизга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш учун), унда ФҲДЁ органларига борасиз. Адаштириб қўйманг.
👉 @xushnudbek 👈



