Қаҳрамон Узоқов ногиронлик аравачасида Тошкентга йўл олди

Matn30-iyun, 2018, 15:591 daqiqa0 koʻrish

Manba:Daryo — LIVE

​​Шаҳрисабзнинг Ўрмонтепа маҳалласида яшовчи Қаҳрамон Узоқов Шаҳрисабздан Тошкент томон йўлга чиқди. Албатта, Қаҳрамон ака Тошкентга отланган илк шаҳрисабзлик эмас, лекин икки шаҳар орасидаги масофани фақат ва фақат ногиронлик аравачасида босиб ўтишга қарор қилган нафақат биринчи шаҳрисабзлик, балки биринчи ўзбекистонлик ҳам бўлса керак.

Қаҳрамон Узоқов 20 июнда йўлга чиққан бўлса, 10 кунда Жиззахга етиб келибди. «Кунига қанча масофа босаётганимни ҳисоблаганим йўқ. Айниқса Жомбойдан Ғаллаоролгача бўлган манзилда кўп ҳаракат қилдим (Google Maps маълумотига кўра, икки шаҳар орасидаги масофани пиёда 12 соатда босиб ўтиш мумкин)», — дейди Қаҳрамон ака.

Қаҳрамон аканинг асосий мақсади — Tashkent City’ни кўриш; йўл давомида Самарқандни ҳам зиёрат қилган. Айтишича, йўл давомида унга ёрдам берганлар ҳам бўлган, тушунмай, уни тиланчи, «алкаш» деб ўйлаганлар ҳам чиққан. «Мен бу саёҳатга одамларнинг раҳмини келтириш учун эмас, Ўзбекистоннинг гўзал гўшаларини кўриш учун чиқдим», — дейди у.

Агар эрта совуқ тушиб қолмаса, қолаверса, аравачаси панд бериб қўймаса, Тошкентдан сўнг Фарғона водийсига, сўнг Бухоро ва Хоразмга ҳам бориш ниятида. Айтишича, аравача яхши бўлса, йўлда бехавотир кетаверасан, йўқса бу иссиқда қийналиб қолиш мумкин. «Энг катта орзуим — ногиронлик аравачасида Ҳажга бориш», — деди шаҳрисабзлик иродали сайёҳ.

Йўлда Қаҳрамон акани учратиб қолсангиз меҳрингизни аяманг. Атиги беш дақиқалик суҳбат кўнгилни қанчалар кўтаришини ҳис қилсангиз кифоя.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek