Қаҳрамон Узоқов ногиронлик аравачасида Тошкентга етиб келди
Manba:Daryo — LIVE
Ногиронлик аравачасидаги ҳақиқий Қаҳрамон!
Шаҳрисабзлик Қаҳрамон Узоқов исмли ватандошимиз Tashkent City қурилишини ўз кўзи билан кўриш учун ногиронлик аравачасида пойтахт томон йўлга чиққани ҳақида ёзгандик. Қаҳрамон 400 километрдан зиёд масофани 16 кун деганда аравачада босиб ўтиб, куни кеча Тошкентга етиб келибди.
Қаҳрамонни Тошкентда Tashkent City дирекцияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Ҳаёт Иноғомов ва бир гуруҳ қурувчи-муҳандислар қарши олган (маладес, Сити!). Дирекция раҳбарияти номидан Қаҳрамонга совғалар топширилган. Узоқ ҳам ноодатий сафардан сўнг у толиққан бўлиши мумкин — Қаҳрамон шифокорлар кўригидан ўтиб, сўнг 7 июль куни Шаҳрисабзга қайтиб кетган. Бу сафар енгил машинада.
«Йўл давомида мени гўёки бутун олам қўллаб турди. Сув бериб ўтади, озроқ суҳбат қилади, суратга тушади... Кимдир қўярда-қўймай пул берди, ҳеч бўлмаганда сигнал чалиб, жилмайиб ўтади. Улар орасида тўрт-беш сўконғичлари ҳам бор. Йўл-йўлакай тунаш учун жой топиш ҳам қийин бўлди... Яхшилар дунёда кўп», дейди Қаҳрамон.
Қаҳрамон Узоқов — ҳақиқий Қаҳрамон! Давримиз Қаҳрамони! У бир ўзи нафақат дунёда яхшилар кўплигини, балки инсон ҳар қандай шароитда ҳам ўзи орзу қилган, ўзи ният қилган мақсадга ета олишини исботлади. Бир ўзи учун эмас, ҳамма учун. Ҳаммамиз учун. Шунинг учун ҳам у Қаҳрамон! Кўнгилларга яхшилик улашганинг учун раҳмат сенга, Қаҳрамон!
PS. Нашриётлар, киностудиялар, имкониятни қўлдан бой берманг — Қаҳрамон Узоқов сизнинг энг яхши имкониятларингиздан бири бўлиши мумкин; у ҳақда китоб чоп этинг, у ҳақда фильм суратга олинг. Сизга шундай қимматли ва ўлмас ҳаётий воқеа ташкил этиб бергани учун уни яхшилаб моддий рағбатлантиришни ҳам унутманг (муаллифлик ҳуқуқи деган нарсалар бор, ҳар ҳолда).
