Пора берувчиларни қўлга тушириш ишлари давом этмоқда

Matn15-sentabr, 2018, 13:382 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Manba:Daryo — LIVE

Пора берувчиларни қўлга тушириш ишлари давом этмоқда

Вобкентлик Ш.Х. жамоат жойида спиртли ичимлик ичгани учун милиция томонидан ушланган, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ш.Х. «шу ишларнинг нима кераги бор, яхшиликча келишайлик», деган-да, 11 сентябрь куни маъмурий баённомани ҳам, иш бўйича тўпланган ҳужжатларни ҳам йўқ қилиб бериш эвазига милиция ходимига 50 минг сўм пора таклиф қилган. Милиционер Ш.Х.ни нима деб умидлантирганини билмаймиз, лекин 50 минг сўмни олишдан аввал бу ҳолат ҳақда раҳбарига ахборот берган. Шу боис Ш.Х. милиция ходимига 50 минг сўм пулни унинг хизмат хонасида бераётган вақтида қўлга олинган.

11 сентябрь куни Чироқчи туман ИИБ ходимига Кишмиштепа маҳалладан Ж.Т. мурожаат қилиб, бир «ишкали» борлиги, шуни ҳал қилиб беришни илтимос қилган ва бунинг эвазига милиционерга 450 минг сўм таклиф қилган. Бу ҳолатда ҳам милиционер иши ҳал бўлишидан умидвор инсонга нима деганини билмаймиз, лекин ИИВ ахборотига кўра, у бу ҳақда ўз раҳбарига ахборот берган. Шу боис Ж.Т. 12 сентябрь куни, ходимга 450 минг сўм пулни унинг хизмат хонасида узатаётган вақтида қўлга туширишган. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқандлик 29 ёшлик Шероз машинани бошқариш вақтида телефондан фойдалангани учун 12 сентябрь куни Тошкентда йўл инспектори томонидан тўхтатилган. Шероз «ака, қўйинг, келишайлик», деяверган, милиционер эса келишмаслигини, барибир маъмурий баённома расмийлаштиришини билдирган. Шунда, милиционер баённомани тўлдираётганида, ҳайдовчи 28 минг сўм пулни инспекторнинг машинасига ташлаб қўйган. Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодесининг 211-моддаси («пора бериш») бўйича жиноят иши қўзғатилган — Шероз энди ё салкам 10 миллион сўмгача жарима тўлайди, жуда аксига олса, беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкин. Атиги 28 минг (йигирма саккиз минг) сўмни деб — ёмон-а?

Авваллари нуқул пора олган ходимлар (нафақат милицияда) қўлга тушгани ҳақида ўқирдик. Энди пора бераётганлар ҳам қўлга олинаётгани ҳақида кунда-кунора хабар бериляпти (айтишларича, кейинги икки ой давомида милиционерларга пора бермоқчи бўлган 20 яқин фуқаро қўлга олинган). Сабаби оддий — ҳуқуқ-тартибот органларида пора берувчиларга қарши жанг бошланган. Пора берувчи фуқароларни тутиб берган ходимларга эса моддий ва маънавий рағбатлантириш, лавозимлар ҳам ваъда қилинган. Мана, куни кеча Бухорода уч пора берувчини тутиб берган уч милиционерга мукофот пуллари тарқатилди. Шундай экан, «ишкал ишимни пули (пораси)ни бериб ҳал қиламан», деб қопқонга тушиб қолманг.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg

  • 👍 1
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek