Пахта теримида иш ҳақи ва отряд раҳбарларига тўловлар
Пахта йиғим-терими мавсумида терим отряди раҳбарларига отряд томонидан терилган 80 тонна пахта хом ашёси учун 1 миллион сўм ва 80 тоннадан ошган ҳар бир тонна пахта учун 50 минг сўмдан иш ҳақи тўланади. Терим отрядида 80-100 киши борлигини ва ҳар бир теримчи ўртача 70 килодан теради деб ҳисобга олсак, тахминан 2 ҳафтада отряд бемалол 80 тоннани териб қўяди.
Мабодо терим отряди мавсум давомида 80 тоннадан кам пахта терган тақдирда, отряд раҳбарларига иш ҳақи амалда терган пахта хом ашёси миқдорига мутаносиб равишда тўлаб берилади.
Эслатиб ўтаман, 1 кг пахта терганлиги учун теримчиларга биринчи теримда 650 сўм, 2-теримда 850 сўм, 3-теримда 1000 сўм иш ҳақи тўланади.
Аҳоли кам бўлган ҳудудлар учун терим пули янада кўпроқ белгиланган. Бунда 1-терим учун 950 сўм, 2-терим учун 1150 сўм, 3-терим учун 1300 сўм ҳақ тўланади.
Бу нарх қуйидаги ҳудудлар учун амал қилади:
Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманлари;
Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон ва Касби туманлари;
Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманлари.
Ишсиз ёки асосий ишидан бўш вақтда теримда иштирок этган аҳоли пахта терими орқали бир ойда тахминан 2-3 млн сўм даромад қилиш мумкин. Бекорчиликдан кўра, бемалол ўйлаб кўришга арзийдиган ҳалол меҳнат бу. Кунига 25 соат, ҳафтасига 8 кун ишлаётган кўплаб давлат хизматчилари ҳам бунча ойлик олишмайди, масалан.
Ёки маҳаллалардаги уддабурон кишилар терим отряди ташкил этиб, қишлоғидаги, маҳалласидаги 80-100 нафар аҳолини тўплаб, битта отряд шаклида далаларда пахта теришни йўлга қўйса, юқорида айтилганидек, яна қўшимча ойлик ҳам олишлари мумкин.
Лекин буларнинг барчаси ИХТИЁРИЙ бўлиши керак.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

