АҚШ Ўзбекистон пахтасини қора рўйхатдан чиқарди

Matn22-sentabr, 2018, 09:003 daqiqa0 koʻrish

​​Пахта санкцияси ҳақида

Кеча ОАВда АҚШ Ўзбекистон пахтаси маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқаргани ҳақида хабарлар берилди. Шу ҳақида икки оғиздан сал кўпроқ гапирмоқчиман.

Бу анча олдин маълум бўлган ва расман эълон қилиниши кутилаётган хабар эди. Чунки ушбу қарорга эришиш осон бўлгани йўқ. Йиллар давомида тизимли равишда амалга оширилган ишлар самараси бўлди. Бу ҳақида гапирса гап кўп. Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат ҳолати ва унга қарши курашиш йўли ҳақида бутун бошли илмий иш қилса бўлади.

2016 йил декабрь ойида Европарламентнинг Ўзбекистонга нисбатан қўйилган айрим санкцияларини юмшатиш ҳақидаги қароридан сўнг, кеча эълон қилинган АҚШ Меҳнат вазирлигининг "пахта амнистияси" аҳамияти жиҳатидан энг қувонарли хушхабар дейиш мумкин. Энди Ўзбекистон олдида “Cotton Campaign” (Коттон Кампейн) халқаро ташкилоти эълон қилган яна бир йирик санкцияни бекор қилиш вазифаси турибди.

АҚШ Меҳнат вазирлигининг қарори кутилган янгилик деганимнинг сабаби, агар сезган бўлсангиз охирги 2 йилда айнан мажбурий меҳнат ҳақида кўп гапирилмоқда. Масалан, ўтган йили Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан туриб “мажбурий меҳнат” иборасини алоҳида таъкидлаганини ўзи катта сигнал эди. Шунингдек, АҚШ сафари арафасида, сафар давомида ва ундан кейин ҳам бу бўйича қатор муҳокамалар бўлганди.

Июль ойининг охирида эса АҚШ Меҳнат вазирлиги Давлат департаменти ва АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлигини билан ўтказган маслаҳатлардан сўнг, Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланиш камайган, деган хулосага келганди. Расмий ҳисобот эса кеча эълон қилинди.

Агар кимдир ғарб ОАВсини кузатган бўлса, Коттон Кампейн АҚШ Меҳнат вазирлигига мактуб юбориб, унда ҳукуматнинг болалар меҳнати ҳисобига етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан ўзбек пахтасини чиқариб юборгани қарорига нисбатан ўз норозилигини билдиргани ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди (албатта бундай хабарларни бизнинг ОАВлардан топиш қийин).

Гарчи Коттон Кампейн АҚШ Меҳнат вазирлигининг қарорига қўшилмаслигини баралла айтаётган бўлсада, бу эътироз мазмунан эмас, кўпроқ формал характерга эга. Чунки Коттон Кампейннинг ўзи ҳам Ўзбекистонда болалар меҳнати хавфи аллақачон бартараф этилганини яхши англаб турибди. ХМТ ўтказадиган халқаро мониторингчилар 2014 йилдан буён болалар меҳнати юртимизда кун тартибидан олингани ҳақида хулоса бериб келади.

Сизу бизга сир эмас, бу қандайдир баландпарвоз гап ҳам эмас, ҳақиқатдан болалар меҳнати яккам дуккам ҳолатда айрим жойларда учрамаса, охирги 5 йил ичида буни деярли ҳеч қаерда кўрмаймиз. Асосий муаммо фақат мажбурий меҳнатда бўлиб турибди холос.

Савол туғилиши мумкин, нима учун бола меҳнати хавфи минимумга туширилганини 2014 йилдаёқ халқаро мониторингчилар айтган бўлса ҳам, АҚШ Меҳнат вазирлиги буни энди тасдиқлаяпти? Сабаби оддий, бу сиёсий тизим билан чамбарчас боғлиқ эди. Шунчалар ёпиқ эдикки, ҳаттоки халқаро мониторинг натижаларига ҳам шубҳа билан қаралар ёки катталарнинг мажбурий меҳнатининг аянчили аҳволининг тарозиси бу паллани ҳам босиб кетар эди.

Бугунга келиб, вазият ўзгаргач, АҚШ Меҳнат вазирлигининг кечаги қарори мантиқан бугунги ҳолатга мос келади. Юртимизда мажбурий меҳнат элементлари ҳам худди болалар меҳнати каби тугатилса ёки хавф минимум даражага туширилса, Ўзбекистонга қўйилган бошқа санкциялар ҳам яқин орада бекор қилинишидан умидвормиз. Хусусан, Коттон Кампейн санкциялари ҳам...

Бу бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek