Коттон Кампейн ташкилоти ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик

Matn22-sentabr, 2018, 10:003 daqiqa0 koʻrish

​​Коттон Кампейн қанақа ташкилот ўзи?

Юқоридаги хабарда роса Коттон Кампейн ҳақида гапирибману, у ўзи қанақа ташкилотлигини айтмабман. Коттон Кампейн - халқаро коалиция бўлиб, 2008 йили ташкил этилган. Унга 38 та ташкилот аъзо, улар орасида бизнес ва инвестицион компаниялар, меҳнат ва мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларининг (правозащитники) ташкилотлари бор.

Масалан, «Хьюман Райтс Вотч», «Эзгулик», «Фридом Юнайтед» ва Ўзбек-герман форуми каби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари бор.

Коттон Кампейн бир неча йиллардан буён пахта далаларида болалар ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича курашиб келади. Ўзбекистон ва Туркманистон уларнинг доимий “нишони”.

Ўзбекистонга бойкот ва мониторинг

Агар ёдингизда бўлса, 2009 йили Коттон Кампейн Ўзбекистоннинг текстиль ва пахта маҳсулотларига бойкот эълон қилиш чақириғи билан чиқди. Бойкотга 170 дан ортиқ жаҳоннинг машҳур брендлари ва компаниялар қўшилди. Улар орасида Adidas, Gucci, IKEA, Levi Strauss & Co, Nike, Yves Saint Laurent, Zara каби брендлар ҳам бор эди.

2013 йилдан буён ҳар йили Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон ўртасида учинчи томон мониторинги амалга оширилади, яъни Жаҳон банки молиялаштиради, ХМТ мутахассислари пахта мавсумида Ўзбекистон далаларида мониторинг ўтказади. Мана шу мониторинг бошланишининг сабабларидан бири ҳам Коттон Кампейннинг тинимсиз равишда Жаҳон банкидан Ўзбекистонга ажратиладиган кредит траншларини тўхтатиш ёки борини ҳам қайтариб олиш талабини қўйиши бўлган.

Коттон Кампейннинг тарихий ташрифи

Жорий йилнинг май ойида “Cotton Campaign” делегацияси биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу тарихий ташриф эди. Аммо минг афсуски ўзимизининг ОАВдан бу ҳақида маълумот берилмади (балки мен кўрмагандирман). Фақатгина “Америка овози” нашридан Навбаҳор Имомова ушбу ташриф ҳақида алоҳида репортаж тайёрлаганини кўрдим.

Энг қизиғи, Коттон Кампейннинг Ўзбекистонга ташрифи давлатимиз раҳбарининг АҚШ сафари олдидан бўлиб ўтган эди.

Ташриф давомида Коттон Кампейннинг йирик делегацияси (10 дан ортиқ аъзо) Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат ташкилотларида учрашувлар ўтказди, мажбурий меҳнат ва пахта йиғим терими бўйича жиддий муҳокамалар бўлган эди.

Бугунги муносабат қандай?

Коттон Кампейн бугунги Ўзбекистонни илиқ қарши олмоқда. Бунга бир қанча сабаблар бор.

1-дан, Шавкат Мирзиёевнинг БМТдаги нутқи улар томонидан қўллаб-қувватланди;

2-дан, улар билан диалогга киришилгани, ҳамкорлик қилишга мойиллик билдирилгани. Ёдингизда бўлса, 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати 13-Халқаро пахта ярмаркасига Коттон Кампейн делегациясини ҳам таклиф қилганди. Лекин айрим сабабларга кўра, улар кела олишмаган. Мана, май ойида уларга расмий ташриф билан келишга рухсат берилди. Диалог – бу муаммонинг ярми ечилди дегани, менимча.

3-дан, охирги 1 йил ичида мажбурий меҳнатга чек қўйилишига оид ҳукуматнинг қатъий позицияси билдирилаётгани.

Юқорида айтганимдай, Коттон Кампейннинг Ўзбекистонга эътирозлари агрессивликдан анча юмшоқ характерга ўтган. Улар кўпроқ мавжуд муаммоларга тавсиялар беришни маъқул кўришмоқда. Чунки аввал айтилган тавсиялар уммонга отилган тошдек изсиз кетар эди, бугун эса уларни эшитишаётгани, улар билан мулоқот қилишаётгани вазиятни анча ижобий томонга ўзгартирган, лекин ҳозирча бутунлайга эмас.

Изоҳ: Суратда Коттон Кампейннинг Ўзбекистондан очилмайдиган сайтининг скриншоти

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek