Когондаги мактаб ўқувчиларининг пахта теримига чиқиши

Matn5-oktabr, 2019, 08:303 daqiqa0 koʻrish

Когондаги мактаб ўқувчиларининг пахта даласига чиқиши юзасидан

Кун.уз нашри ушбу воқеа юзасидан суриштирув ўтказибди. Уни тўлиқ ўқиб чиқишни тавсия қиламиз

https://kun.uz/29038346

Мақоланинг хулоса қисмидан айрим парчаларни келтираман:

«Биз мактаб жойлашган маҳалладаги оддий инсонларни ҳам гапга тутдик. Улар дарсдан бўш вақтда болалар компьютер ўйнаб вақтни беҳудага совурмасдан, онасига ёрдам сифатида ҳарна 5-10 кило пахта териш учун бирга чиқишаётганини айтиб ўтишди. Лекин мактаб томонидан болалар буйруқ билан ёппасига чиқарилмаганини айтишди.

Шу қишлоқда истиқомат қилувчи яна бир кишининг айтишича, қишлоқда кўпчилик мактаб ўқувчиларининг оталари Россияда меҳнат миграциясида. Пахта мавсумида уларнинг оналари пахта теримга чиқишади. Болалар даладаги яқинларига чой ёки овқат ташишади. Ўзлари ҳам оналарига, опаларига пахта теришда кўмаклашишади. Қайтишда фартукда мол-қўйларига ўт юлиб қайтишади. Бу — йиллар давомида шаклланган анъана.

Энди ўйлаб кўринг: мактаб якшанба ва байрам кунлари ишламаса, ўқитувчилар дам олса, ўқувчилар ота-оналарининг ихтиёрида бўлса, болаларни пахтага чиқиш-чиқмаслигини ота-онасидан бўлак ким назорат қила олади? Ота-онаси пахтага чиқишга мажбурлаган тақдирда ҳам, балога қолган мактаб жамоаси бўлиши керак эмас-ку? Умуман, муаммо мана шундай кўринишда бўй кўрсатса уни қандай қабул қилиш ва ечиш керак?»

Воқеа юзасидан умумий хулоса:

👉 10-15 нафар ўқувчининг пахта даласига чиққани рост, ҳар ҳолда фотосуратлари турибди;

👉 ўқувчиларнинг ҳоким, мактаб директори ёки бошқа мутасаддилар томонидан мажбурлаб чиқарилгани ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки бунақа бўлганда далаларда юзлаб мактаб ўқувчилари юрган бўлар эди. Боз устига мажбурий меҳнатга қарши кураш кетаётган ҳозирги сиёсатда фақат жонидан тўйган раҳбаргина мактаб ўқувчиларини (!) пахта теришга олиб чиқиш ҳақида буйруқ беради. Бунинг учун қип-қизил жинни бўлиш керак;

👉 қишлоқ жойларида болалар ота-оналарига, асосан оналарига ёрдам бериш мақсадида пахтага чиқишади, улар терим мавсумида оилавий пахта теришади ва улар учун пахта териш оддий ҳол, анъана. Бунақа ҳолатни юртимизда пахтага ихтисослашган деярли барча туманларда учратиш мумкин. Ота-оналар қонунни бузаётганини ҳатто билишмайди ҳам. Шунақа ота-оналар билан кўп бора суҳбатлашганман. «Мен розиман, болам ҳам рози, бунинг нимаси нотўғри» деб ажабланишади. Уларга 18 ёшга тўлмаган шахслар ҳатто ўзлари рози бўлса ҳам пахта теримига чиқиши мумкин эмаслиги ва болалар меҳнати нима эканлиги ҳақида маъруза ўқиш ҳам кўп фойда бермайди. Чунки ота Россияда, она далада, боласини ўзининг кўзи олдида бўлиши истайди. Кўчада сандирақлаб юрганидан кўра, ёнида бўлса кўнгли тинч. Менимча, исталган ҳудуддаги пахта далаларида 5-10 нафар болаларни учратсак, бундан сира ҳайрон қолмасдим;

👉 амалиётни кузатсак, одатда бундай вазиятда барча масъулият фермер зиммасига юкланади. Мабодо далада бола аниқланган тақдирда ҳам, айнан фермерга жазо қўлланади. Агар у дарс вақтида бўлса, қўшимчасига мактаб маъмурияти ҳам жазоланиши мумкин. Шунинг учун фермерлар пахта даласига болаларни киритмасликка, мабодо кўриб қолса ҳам чиқариб юборишга ҳаракат қилади.

Ўтган йилларда пахта мониторингида юрган пайтларим Тошкент вилоятидаги бир фермер билан суҳбатлашганимда, қуйидагиларни айтганди:

«пахта даласига туташ маҳаллалардан теримчи аёллар болалари билан бирга чиқишади, уларни даладан қува-қува чарчадим. Баъзиларига қаттиқ гапирсам, аразлаб, узоқроқ бўлса ҳам бошқа фермер хўжалигига пахта теришга кетиб қоляпти. Сизларни деб, менинг бошим балога қолади, десам ҳам барибир тушунишмайди. Шундан кейин фермер хўжалигида болалар ўйнайдиган кичик майдонча қилиб, токи оналари қайтгунгача болаларни шу ерда ўйнатадиган бўлдим».

Хуллас, воқеа мана шундай якунланди. Когондаги воқеадан бошқалар ҳам тегишли хулоса чиқариб олади ва гарчи 18 ёшга тўлмаган болалар ўз хоҳиши билан пахта теримига чиқаётган бўлса ҳам, уларга рухсат берилмайди, деган умиддамиз.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek