OTMlarni Dori-Darmon bilan ishlashga majburlash qonuniy topildi

Matn17-dekabr, 2020, 21:512 daqiqa0 koʻrish

Антимонополия қўмитаси: дори воситаларини фақат “Dori-Darmon” АКдан сотиб олишга ОТМларни мажбурлаш қонунга зид эмас

Монополияга қарши курашиш қўмитаси “Олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ва ходимлари учун коронавирус инфекцияси профилактиси бўйича йўриқнома”сини ўрганиб, унда қонунбузилиш ҳолатларини аниқламабди.

«Махсус комиссиянинг қарори ва қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, айрим ҳолларда давлат буюртмачилари тўғридан–тўғри харидларни амалга оширишлари мумкин.

Хусусан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори иловасининг (Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати) 13-бандида “Эпидемияга қарши (шу жумладан ветеринарияга оид) препаратлар, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш учун кимёвий воситалар, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда ваколатли органлар томонидан тасдиқланадиган табиат ҳодисалари, эпидемиялар, касалликлар тарқалишининг олдини олиш ёки унинг оқибатларини бартараф этиш учун бошқа зарур товарлар (ишлар, хизматлар)” киритилган», - дейилади қўмита хабарида.

Хуллас, тушунтириброқ айтадиган бўлсак, ОТМлар дори воситаларини сотиб олиш учун тўғридан-тўғри шартнома тузишга ҳақли, бунинг учун биржага қўйиш шартмас, демоқчи қўмита. Шунинг учун 2та вазирликнинг қўшма қарори билан барча ОТМларга “Dori-Darmon” АКдан бир неча юз миллион сўмлик дори воситалари мажбурлаб тўғридан-тўғри сотилиши қонунга хилоф эмас экан.

Бу борада бизнинг ўз қарашларимиз бор албатта.

Хўп, ОТМлар дори воситаларини олмоқчи бўлса, тўғридан-тўғри шартнома туза олар экан, тушундик. Лекин нега айнан “Dori-Darmon” АК? Нега вазирликлар барча ОТМлар учун қарор қабул қилиб, уларни муайян битта компания билан шартнома тузишга мажбурлаяпти? Нега шартли равишда Альфа, Бетта ёки Гамма деган компаниялар эмас, айнан “Dori-Darmon” АК танланяпти? Бу танлов ортидан кимларнингдир катта манфаатлари йўқлигига ким кафолат бера олади? Барча ОТМлар бозорда арзонроқ ва балки сифатлироқ бўлган бошқа етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартнома тузса бўлмайдими?

Мен айнан “Dori-Darmon” АКга қарши чиқаётганим йўқ, балки улар ростдан ҳам энг мақбул ва сифатли таклифни бераётгандир. Гап бунда эмас. Гап нима учун танлов имкони йўқ, нима учун катта-катта давлат харидлари ҳалигача кимларнингдир хоҳиш-иродаси ва шахсий қараши асосида, бозор қонуниятларига риоя қилинмасдан амалга оширилаётгани ҳақида кетмоқда.

Хуллас, доимгидек саволларимиз кўп, жавоблар эса ҳозирча йўқ. Ва бу гапирганларимиздан бирор фойда бўлмаса ҳам керак. Барибир миллиард сўмлардан иборат шартномалар тўғридан-тўғри тузилаверади, барибир бутун бошли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши бефойда ва ҳаттоки зарари бор дея маълум қилган гидроксихлорохин (плаквенил) дориси миллион дона сотиб олинаверади, давлат бюджетидан пуллар қаёққадир сарфланаверади...

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek