Ота-она розилиги ва ҳақлари ҳақида ҳадислар
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
«Роббининг ризоси ота-онанинг ризосидадир. Роббининг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Яна бошқа бир ҳадис:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳижрат учун байъат қилмоқчи бўлди. У ота-онасини йиғлаган ҳолда қолдириб келган эди. Ул зот: "Ота-онангнинг ҳузурларига қайтгин, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, худди шундай қилиб кулдиргин", дедилар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онанинг розилигини топиш, уларни хурсанд қилишни ҳатто ҳижратдан ҳам устун қўйган эканлар.
Баъзи ҳолларда ёшлар диний амалларга қизиқиб, ота-оналарнинг ҳақларини ортга суриш ҳолатларига йўл қўйиши мумкин. Бундай пайтларда илм соҳиблари дарҳол уларга насиҳат қилиб, тўғри йўлга буришлари керак экан.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Имом ал-Бухорий «Ал-адаб, ал-муфрад» китобига шарҳидан.
👉 @xushnudbek 👈


