Иномжон Мажидов стипендияларни бекор қилиш ҳақида
Manba:Daryo — LIVE
Олий таълим вазири: Талабаларнинг 70 фоизи стипендияларнинг бекор қилинишига қарши чиқади
«Газета.уз»да олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг катта интервьюси эълон қилинди. Унда вазир контракт нархи ва стипендияларни бекор қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтган. Кейинги уч хатбоши вазир сўзларидан иқтибос:
«Стипендия — бу талабани ижтимоий муҳофаза қилиш воситасидир. Талабаларнинг 70 фоизи стипендияларнинг бекор қилинишига қарши чиқади. Ушбу масала бўйича якдил бир қарор қабул қилиш қийин. Агар контракт қийматини табақалаштирилган кўринишга келтириладиган бўлса, у ҳолда кимдир бошқа биров учун тўлаётган бўлиб қолади.
Талабаларнинг жуда кўп қисми учун стипендия муҳим. Биз ҳам худди хорижий мамлакатлардаги каби стипендияни бекор қилиш босқичига аста-секин етиб келамиз. Ҳукумат бу ғоялар ҳақида ўйламаяпти, деб ўйлаганлар адашади.
Ҳозирги вақтда контракт суммаси катта эмас ва у олий таълим муассасаларининг барча харажатларини қопламайди. Олий таълим муассасаларининг ривожи бу масалага боғлиқ эканини инобатга олиш даркор»
Биринчидан, «Стипендияни бекор қилиш масаласи ҳам кун тартибида бор», деб очиқ-ойдин айтилмагунча, одамлар адашиб «ҳукумат бу ҳақда ўйламаяпти» деб ўйлайди, бу табиий. Иккинчидан, ҳозир ҳам кимдир (тўлов-контракт асосида ўқийдиганлар) бошқа биров (грантда ўқиётганлар) учун пул тўламаяптими? Учинчидан, контракт пули тўланмагунича стипендия берилмайдиган тизимда қандай қилиб «стипендия — талабаларни ижтимоий муҳофаза қилиш воситаси» деб айтиш мумкин? Тўртинчидан, «талабаларнинг 70 фоизи стипендияларнинг бекор қилинишига қарши» эканини тасдиқловчи бирор асосли тадқиқот, сўров, суриштирув борми? Ўша талабаларга «стипендияни бекор қилиш ҳисобига контракт пулини камида 50 фоизга арзонлаштирамиз», деб айтилса, улар қандай муносабат билдираркин?
Эслатиб ўтамиз, нафақат оддий одамлар, балки Олий Мажлис депутатлари ҳам контракт пулининг оширилишига қарши. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «талаба контракт пулининг 45—80 фоизи ўқув йили давомида стипендиялар кўринишида қайтариб олади» деган баёнотидан сўнг, кўпчилик стипендияларни бекор қилиш ҳисобига контракт нархини пасайтиришни талаб қилмоқда.

