Мубин Мирзаев блогерлар ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
Мубин Мирзаев: блогерлар бўйича нотўғри маълумот берган ходимларга чора кўрилди
Бугун, 13 июнь куни Давлат солиқ қўмитасида қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев иштирокида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Мубин Мирзаев ижтимоий тармоқларда тарқалган солиқ қўмитаси ва блогерлар фаолиятига оид хабарларга изоҳ берди.
«Ҳар бир хабар асосли бўлиши лозим. Таъкидлашим шарт, блогерларга оид тарқалган гапларни мен гапирмаганман, аммо негадир бу хабарлар асосан менинг суратим остида эълон қилингани тўғри бўлмаган. Асоссиз ёки аниқ бўлмаган маълумот берган ходимларимизга ҳайфсан берилди.
Шу ўринда ойдинлик киритиб кетсам – Давлат солиқ қўмитасининг қонуний фаолият юритаётган бирор шахсга нисбатан қаршилиги йўқ, аксинча ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Жумладан блогерларни ҳам. Блогерлик фаолиятига ҳам чеклов йўқ.
Аммо шу блогерлик фаолияти доирасида реклама билан ҳам шуғулланиб, даромад олинаётган бўлса, албатта тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, солиқларни тўлаш лозим. Блогер мулкчилик шаклини ўзи танласин, истаса ЯТТ, истаса юридик шахсга айлансин ва хотиржам фаолият юритсин.
Энди телефони олиб қўйилган блогер йигитга келсак (Азиз Ашурбаев тадбирда иштирок этаётганди), мен сиздан узр сўрайман ва сизга ҳам тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, фаолиятингизни давом эттиришингиз учун қўлимдан келган ёрдамни бераман. Ҳаттоки кредитлар олишга кўмак беришга биз тайёрмиз.
Алоҳида таъкидлашим керак, солиқ тизими шаффоф фаолият кўрсатишида ОАВ катта роль ўйнамоқда. Энг муҳими халқимиз тизимга ишонсин», дея қўмита раисининг биринчи ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1


