Монополияга қарши курашиш қўмитаси ёлғон маълумотни тан олди

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот анжуманида нотўғри маълумот айтилганини тан олди

Қўмита юқоридаги масала бўйича ўз сайтида расмий муносабат билдирди. Унда айтилишича, амалдаги қонун ҳужжатларига асосан Қўмитага берилган ваколатларидан келиб чиқиб хуқуқбузилишлар аломатларини ўрганиш ва текширишда Бизнес-омбудсмандан розилик олиш талаб этилмайди ва Қўмита томонидан ушбу органни фақатгина хабардор қилган ҳолда мустақил текширишлар амалга оширилади.

1-хулоса: демак, Қўмита бемалол ўзи текширишга ваколати бўлса ҳам, лекин қандайдир хатни баҳона қилиб текширишлар ўтказмаган.

«МСКТ хизматлари нархлари ошиши ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида Қўмита томонидан қўшимча равишда Бизнес-омбудсманнинг фикрини олишга қарор қабул қилинган ва ўз навбатида Бизнес-омбудсман томонидан текширишга етарли асос бўлмаганлиги сабабли текширувни ўтказиш мақсадага мувофиқ эмаслиги билдирилган. Бу эса МСКТ хизматлари билан шуғулланувчи корхоналарнинг Қўмита томонидан текширилишига тақиқ қўйиш ҳисобланмайди», - дейилади баёнотда.

2-хулоса: демак, Бизнес-омбудсман текширишга рухсат бермади, деб айтилган гаплар нотўғри.

«Шу билан бирга, дарҳақиқат Қўмита томонидан Бизнес-омбудсманга МСКТ хизматлари нархлари ошиши ҳолати бўйича тўлиқ таҳлилий маълумот тақдим этилмаган», - дейилади баёнот давомида.

3-хулоса: демак, ўзлари етарли маълумот бермаган ҳолда, минбардан туриб ўзгаларга тош отишган.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, Қўмита томонидан МСКТ хизматлари нархлари ошиши ҳолатини сўровлар орқали ўрганиш ишлари давом этаётганлиги ва зарур бўлган ҳолларда ўрнатилган тартибда корхоналарда текширишлар ўтказилиши маълум қилинади», - дейилади баёнот сўнггида.

4-хулоса ўрнида савол: Қўмитанинг нияти шунақа яхши экан, бўлиб ҳам барча ваколат ўзида бор экан, унда нега шунча пайтгача бу масала ўрганилмади? Пандемия ўзининг энг авж нуқтасига чиқиб, халқ чирқиллаб касалхоналарга ёпишган, МСКТга турнақатор навбатлар бўлиб кетган, нархлари сунъий кўтарилиб кетган МСКТ учун одамлар қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам бир амаллаб пул топиб юрган пайтлари Қўмита қаерда эди? Поезд кетиб бўлгандан кейин (илоҳим, кетгани рост бўлсин) нархни ўрганиб, уни ана борингки пасайтиришдан қанчалик наф бор?

Хўп, эртами-кечми ўрганилаётган экан, тушундик. Лекин матбуот анжуманида Қўмитанинг катта лавозимдаги раҳбари нега ёлғон гапиради? Ўзи имзолаган хат эсидан чиқиб қолдими ёки жамоатчилик кўзига аждарҳо билан курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган ботир жангчи бўлиб кўринмоқчи бўлдими?

Тавба, бирорта гапга ишониб бўлмай қолдией... Нега унақа? Масъул раҳбарлар матбуот анжуманларида билмаган нарсасини тинчгина билмайман деса бўлмайдими, одамларни алдамай.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek