Бизнес-омбудсман Антимонополия қўмитасининг айбловларини рад этди

Matn7-dekabr, 2020, 21:012 daqiqa0 koʻrish

​Раддия: «Бизнес-Омбудсманни баҳона қилишмоқда»

Бугунги брифингда Антимонополия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов МСКТ нархининг сунъий ошиб кетганини текширмоқчи бўлишганида Бизнес-Омбудсман буни текшириб ҳам ўтирмай рад қилгани ҳақида айтганди.

Бизнес-Омбудсман вакили бунга раддия бериб, Бобир Каримов брифингда нотўғри маълумотлар айтганини таъкидламоқда.

Бизнес-Омбудсман вакилининг айтишича, энг аввало Антимонополия қўмитаси ўз хатида текшириш учун рухсат сўрамаган, балки хулоса сўраган. Хулоса сўраш, рухсат сўраш эмас.

Иккинчидан, ва менимча энг асосийси, қонунчиликка кўра, Антимонополия қўмитаси ўз ваколати доирасидаги текширувларга рухсат сўраши шарт эмас, шунчаки хабардор қилса бўлди экан. Шундай ваколати бўла туриб, бошқа текширувларни амалга оширишдан олдин бирор марта рухсат ёки хулоса сўрамаган орган нимага бирдан бу сафар хулоса сўраб қолгани номаълум, дейилади раддияда.

Учинчидан, қўмита фақат 18та (бозорнинг 10%и) хусусий клиника нархларини ўрганган. «Рақобат тўғрисида»ги қонунда эса, бозор иштирокчиларининг 35%идан ошиғида шу ҳолат кузатилса, қонунга хилоф бўлади. Бизнес-Омбудсман 18та клиника нархини деб, 200га яқин субъектни текшириш мақсадга мувофиқ эмас, деган хулоса берган.

Тўртинчидан, Қўмитани ростдан текшириш нияти бўлса, унда нега давлат клиникаларини текширмади, деб ҳайрон бўлмоқда Бизнес-Омбудсман вакили. Ахир бунга на рухсат сўраш, на хабардор қилиш шарт эди. Боз устига МСКТ 75та хусусий, 100дан ортиқ давлат клиникаларида бор, яъни бозорда давлатнинг улуши катта. Лекин қўмита давлат клиникаларидаги нархни текширмаган. Бизнес-Омбудсман вакили бу жиҳатга изоҳ берар экан, «дўппи тор келганда Бизнес-омбудсман баҳона бўлиши учун ҳам бирданига хулоса олиш хаёлларига келиб қолгандир», дейди.

Антимонополия қўмитасидан мазкур вазият бўйича изоҳ кутиб қоламиз. Айниқса, Бизнес-Омбудсман вакили айтганидек, нима учун қонунчиликда текширишга ваколати бўла туриб, хусусий клиникаларни текширишмагани, шунча пайтда сўралмаган хулоса айни шу вазиятда сўралганига тушунтириш беришса яхши бўларди.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek