Uzdigital компаниясининг чалғитувчи рекламаси учун раддия
Раддия (аксилреклама): чалғитувчи реклама учун муштарийлардан узр сўрайман
Каналда чиқадиган барча рекламаларни жиддий назорат қилишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир сўз учун қаттиқ талаб қўйилади. Қанчадан қанча рекламаларни рад этамиз. Мақсадимиз обуначиларга фақат сифатли ва фойдали рекламаларни чиқариш. Аммо баъзан биз ҳам хатога йўл қўямиз, афсуски.
Кеча каналимиз орқали реклама менежерлари томонидан Uzdigital компаниясининг бир рекламаси чиқарилганди. Унда қуйидаги гаплар бор эди:
Моҳи Рамазон шарафига UZDIGITAL TV «ҚУЛАЙ ИМКОНИЯТ» акциясини эълон қилади.
😍 Энди Telecard нархи 380 000 сўм эмас, балки 40 000 сўмдан!
🤩Рақамли қабул қилувчининг нархи энди 620 000 сўм эмас, 63 500 сўмдан!
❗️Аммо бу гаплар чалғитувчи гаплар экан ва менимча, бу инсофсиз реклама ҳисобланади. Аслида бу ерда карта ёки тюнер нархи ҳеч қанақанги 40 минг ёки 63 минг сўм эмас экан. Карта ва тюнинг нархи 11 ойга бўлиб тўланиши керак экан. Шунда карта ёки тюнер нархи ҳозиргидан ҳам қимматга айланиб кетаркан.
Ҳозиргина шахсан ўзим компания колл-марказига телефон қилиб аниқлаштирдим. Масалан, Telecard учун 11 ой давомида 36 минг сўмдан тўлайсиз, шунда 396 минг сўм бўлади. Ваҳоланки, карта нархи аслида 380 минг сўм. Реклама матнида айтилган 40 минг сўм эса, шунчаки уланиш нархи холос.
Ушбу акцияда 620 минг сўмлик тюнер 698 минг сўмга айланади. Яъни салкам 80 минг сўм қимматлашади.
Хўп, барака топгур, бунақа акция қилар экансан, истеъмолчиларни чалғитмасдан ёки сўз ўйини қилмасдан, «11 ойга бўлиб тўлашга» (рассрочка) деб очиғини айтсанг бўлмайдими?
Яна Рамазон ойини қўшишганини айтмайсизми?
Албатта, бу ерда бизнинг ҳам айбимиз бор, бироз эътиборсизлик қилиб, охиригача текширмасдан маълумотни тақдим этибмиз. Бунинг учун яна бир бор ҳамма обуначиларимиздан узр сўрайман, бунақа ҳолат бўлганига афсусдаман. Келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслигига максимал ҳаракат қиламиз.
Uzdigital компаниясига келсак, уларнинг хизматидан фойдаланиш ёки фойдаланмасликни ўзингиз ҳал қилинг. Шахсан мен бунақа реклама берадиганларга ишонмайман. Кечаги реклама эса каналдан ўчирилди.
P.S.: ушбу раддия (аксилреклама) «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасига кўра чиқарилди.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 2125

