Метан заправкалардаги навбатлар ва энергетика муаммолари
Xushnudbek.uzMatn1 daqiqa0tahrirlanganManba:Xushnudbek.uz
Метан заправкадаги метин иродалар
Фарғонадан Тошкентга қайтар эканмиз, йўл-йўлакай газ “заправкаларда” километрлаб навбатларни кўрдик. Одамлар тунни тонгга улаб, навбатларда туришибди, тезроқ “заправка”лар очилишини кутишяпти.
Соат тунги 12 да ҳам, 2 да ҳам, 4 да ҳам навбатда туришибди. Аниқроғи шу ерда ётиб қолишмоқда.
Айримларининг ёқилғиси бутунлай тугаган, машинаси ўт олмайди. Демакки, иситгичи ҳам ишламайди ва қаҳратон совуқда машина ичида тунашга мажбур. Машиналар усти музлаб қолган, ичи ҳам тахминан шунақа музхона.
Бундай манзараларни кузатиш азоб. Хеҳ, азобмиш... Гапниям оламанда. Азоб нималигини мен қаердан ҳам билардим, иссиққина машина ичида уларнинг олдидан ўтиб кетдим холос. Азоб нималигини улардан сўраш керак. Сабр нималигини улардан эшитиш керак. Машаққат нималигини улар сўзлаб берсин.
Азобмиш...
Энергетика соҳасига масъулларнинг барчасини йиғиб, кўп эмас, атиги бир кечани ўша инсонлар билан музхонага айланган машина ичида навбат кутишга мажбурлаш керак. Кўп эмас, атиги бир кечагина.
Шунда зора тушунишармиди.
Йўқ, ўзимнинг фикримга ўзим қарши чиқаман: барибир тушунишмаса керак.
Сизга сабр тилайман, тунда навбатда турган юртдошим. Ҳаққингизга дуо қилишдан бошқа нима ҳам қила олардим.
P.S.: шу сўзларни ёзар эканман Наманганда 68 ёшли отахон газ “заправка”да навбатда туриб, музлаб қолган машинасини итараман деб, йиқилиб тушиб ўлгани ҳақидаги хабарни ўқидим.
Азоб, азоб, азоб...
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 4




