Газ қуйиш шоҳобчаларидаги навбатлар ва тизим муаммолари

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

​​Кўр ҳассасини ҳар йили йўқотади

Йил охирлаши билан автомобилларга газ қуйиш шоҳобчаларида турнақатор навбатлар пайдо бўлади. “Турнақатор” деган сўз жуда юмшоқ эшитиляпти, “даҳшатли навбатлар” десак сал тўғрироқ бўларди.

Ўртача 1-2 соатда навбат келади, айрим жойларда 5-6 соат ёки ундан ҳам кўпроққа чўзилишини ҳаммамиз биламиз.

Ҳудудларда аҳолига истеъмол гази етказиб бериш масаласи қай даражада ачинарли эканлиги ҳақидаку, гапирмаса ҳам бўлади, буни ҳам ҳамма билади.

Энг муҳим жойи ҳам аслида шу – буларни ҳаммамиз биламиз. Оддий халқ ҳам, тепадагилар ҳам. Бу кутилмаган форс-мажор ҳолат эмас. Декабрда шунақа ҳолат бўлиши олдиндан барчага маълум, ҳар йили бу такрор ва такрор бўлаверади.

Аммо буни бартараф этиш учун зиғирча иш қилинганини билмаймиз. Наҳотки шу соҳанинг тепасида шунақа муаммоларни ҳал қилишга ақли етадиган салоҳиятли мутахассислар йўқ? Ёки улар ҳам катта манфаатлар ўйини олдида ожизмикин...

Бу ижтимоий соҳа бўлса ҳам майли эди, “пул йўқ, фойда йўқ, ойликлар паст” деб баҳона қилсак. Ахир нефть-газ соҳаси миллионлаб доллар даромад оладиган “ёғли” соҳалардан бирику. Балки энг “ёғли”сидир, ким билсин. Узоқ йиллар давомида айримлар фақат “халқум, халқум” деявермасдан, озгина “халқим” деб ҳаракат қилганида, балки бугун бунақа муаммолар бўлмасмиди...

Тасаввур қилинг, ҳар куни минглаб куч-қувватга тўлган фуқароларимиз (деярли барчаси эркаклар) умрининг маълум бир қисмини шунчаки навбатларда туриб ўтказиб юбормоқда. Улар мана шу бир неча соат ичида аслида фойдали иш билан шуғулланиши, оиласини боқиши учун пул топиши, давлатга солиқ тўлайдиган даромад олиши ва алал-хусус жамият ривожига ҳисса қўшиши мумкин эди.

Аммо улар километрларга чўзилган навбатларда шунчаки вақтини ўлдиришмоқда. Бу мамлакат иқтисодиётига қай даражада даҳшатли зарар олиб келишини наҳотки билишмаса?! Балодай билишади, билганда қандоқ...

Ўзи шундоқ ҳам инсон ресурслари етмаётган бир пайтда минглаб алп йигитларни навбатга турғизиб қўядиган тизим яратувчиларида заррача виждон бормикин?

Биз қанақа кўрмиз ўзи, ҳар йили ҳассамизни йўқотаверамизми?

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek