Ўзбекистонда иккита муҳим масала бўйича қарорлар ўзгартирилди
Айни шу кунларда 2 та масалада ўзгартирилиши режалаштирилаётган ишлар ўз ҳолича қолдирилиши эълон қилинди.
Биринчиси, кеча 1 июлдан оширилиши режа қилинган электр энергияси ва газ нархлари эски нархида қолдирилиши, ижтимоий норма белгилаш тизими ҳам билдирилган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.
Иккинчиси, бугун Президент Қорақалпоғистон Республикасига оид моддалар Конституцияда ўзгартирилмаслигини маълум қилди.
Иккала қарор ҳам аҳолининг норозилиги, фуқароларнинг билдирган таклиф ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб қабул қилинганини барчамиз гувоҳи бўлдик.
Ҳозир қарорлар тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида гапирмоқчи эмасман, бу ҳақда соатлаб баҳслашса бўлади, асосийси “хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам шу” деган принцип йилдан-йилга йўқолиб бораётганини айтмоқчи эдим. Айниқса энг оғриқли масалаларда ҳам халқ фикри томон қадамлар ташланмоқда (барчасида демайман, лекин бу ҳолатлар анча кўпайди).
Шавкат Мирзиёев Нукусда таъкидлаганидек, бизга ҳозир энг муҳими тинчлик ва барқарорлик. Буни асраш барчамизнинг бурчимиз бўлиши керак. Ўзи шундоқ ҳам энди-энди оёққа тураётган пайтимизда пандемия ва бошқа йирик муаммолар ўсиш суръатига яхшигина таъсир қилди. Энди эса Украинадаги уруш сабаб бутун дунё йирик молиявий инқирозларга учраётган бир пайтда юртимиздаги нотинчлик ва низолар аҳволимизни яна узоқ вақт ўнглаш қийин бўлган ҳолатга олиб келиб қўйиши шубҳасиз.
Шу сабабли ҳам Қорақалпоғистонда бошланган норозилик ҳаракатларига зудликда реакция билдирилди, шахсан давлат раҳбарининг ўзи бориб, лидер сифатида фаоллар билан кўришиб, уларнинг хоҳиш-иродаси инобатга олиниши, қорақалпоқлардан сўрамасдан ҳеч ким ушбу миллат тақдирини ҳал қилмаслигини билдирди. Ҳозирда энг катта ютуғимиз бўлган тинчликни асраш йўлидаги қарор бўлди.
Ҳозирги алғов-далғов замонда бизга осон бўлмаслиги аниқ, бутунжаҳон молиявий инқироз шамоли бизга ҳам албатта ўз таъсирини ўтказади, ўтказишни бошлаган ҳам. Бунақа пайтда бизга фақатгина ҳамжиҳатлик, бирдамлик асосида қилинган ҳаракатларгина ёрдам беради.
Илоҳим, юртимизда тинчлик бўлсин.
👉 @xushnudbek 👈



