Олтиариқда 5 ёшли қизчанинг ўлими бўйича суд давом этмоқда
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида февраль ойида 5 ёшли қизчанинг йўқолиши ва кейинчалик унинг жасади топилгани ҳолати бўйича суд муҳокамаси давом этмоқда.
Дастлабки тергов натижасига кўра, Қўштепа туманида яшовчи 1998 йилда туғилган Акмал Абдураҳмонов Олтиариқ тумани Полосон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 5 ёшли Кибриё Ғоффоралиевани 2018 йил 5 февраль куни ўзи қатнайдиган 6-мактабгача таълим муассасасидан чиқиб кетаётганида ўғирлаган. У ўзининг велосипедида Олтиариқ тумани Тинчлик маҳалласи ҳудудидан ўтган Тошкент-Марғилон-Андижон йўналишидаги темир йўлнинг 244 километр 6-пикетида атроф қоронғу бўлишига қарамай, қизчани қаровсиз ҳолда ташлаб кетган.
Қаровсиз қолган К.Ғоффоралиева темир йўлдан ўтиб бораётган 62- поезднинг бўртиб чиққан қисмларига урилиб, ҳаёти учун хавфли бўлган кўплаб тан жароҳатлари олиши оқибатида воқеа жойида вафот этган. Ички ишлар идоралари томонидан олиб борилган тезкор қидирув давомида мазкур жиноятни содир этган А. Абдураҳмонов қўлга олинган.
Судланувчи тегишлича Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) жиноятларини содир этганликда айбланган.
Судланувчи А.Абдураҳмоновга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. [UzA]
Тез орада суд ҳукми чиқиб қолса керак.


