Абитуриентлар учун дарсликлар ва тест саволлари механизми
Дарслик масаласидаги бугунги постимдан кейин бир муштарий вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. У ДТМ сайтидаги хабарда айтилган мана бу гапга эътибор қаратишимизни сўрамоқда:
«Абитуриентлар учун саволлар китобини шакллантиришда улар битирган таълим муассаса тури, ушбу турдаги таълим муассасаларида фойдаланишга тавсия этилган дарсликлар инобатга олинади».
Мазкур гапдан мактаб ва коллеж битирувчилари учун алоҳида саволлар китоби шакллантирилади, дея тушунса бўлади. Демак, бу мен юқорида таъкидлаган 1-усулга тўғри келади.
Аммо биргина гап вазиятни ойдинлаштириш учун мутлақо етарли эмас. Тушунмовчиликлар жуда кўп. Айнан механизм батафил тушунтириб берилмаган. Масалан, мана бу саволларга жавоб берилиши керак:
1) турли таълим муассасасининг битирувчилари алоҳида гуруҳларга бўлинадими ёки аралаш ўтираверадими? Катта павильонларда бу қандай тартибга солинади?
2) саволларни 2 хил базага ажратиш қай тартибда амалга оширилади?
3) агар техник хатолик сабабли мактаб битирувчисига коллеж дарслигидан 1 та савол тушиб қолса ва абитуриент ўша саволга нотўғри жавоб берган бўлса, унда апелляцияда бу масала қандай ҳал этилади? Унга тааллуқли бўлмаган ўқув режасидан савол тушгани учун абитуриентга балл қўшиладими? Ёки шунчаки унинг бу мазмундаги апелляцияси инобатга олинмайдими?
4) агар саволлар китобини тарқатишаётган пайтда кузатувчиларнинг хатоси сабабли мактаб битирувчисига мўлжалланган саволлар китоби коллеж битирувчисига бериб юборилса (яъни 1-2 та савол эмас, барча 90 та савол бошқа ўқув дастуридан тушган бўлса), унда бу ҳолатда апелляция қандай ҳал этилади?
5) бир неча йил аввал битирган абитуриентлар қайси дарслик асосида тест топширади? Масалан, 7 йил олдин коллежни ёки 10 йил олдин мактабни тугатганлар?
Масаланинг яна бошқа нозик томонлари ҳам бўлиши мумкин. Шуларни қандай ҳал қилиш режалаштирилмоқда?
Халққа тушунарли ва содда тилда мазкур масалада батафсил маълумот берилса яхши бўларди.
АБИТУРИЕНТЛАР ДИҚҚАТИГА!
Дарсликлар масалада жавоб аниқ: ҳаммага ўзи ўқиган дарсликлардан савол тушади, мактабдагилар коллеж дарслигини, ёки коллеждагилар аксинча мактабларнинг 10-11-синф дарслигини ўқиши шарт эмас. Бўлди, ҳозирча Сизга шу жавобнинг ўзи етади. Механизми қанақа бўлишини ўйлаб, вақт ва куч сарфлашингизга ҳожат йўқ. Ундан кўра, ҳадеб "дарсликлар аниқмас" дегандан кўра, кўнгил хотиржамлиги билан яхшилаб ўқишни давом эттираверинг, қолганини шу соҳага масъулларнинг ўзи эплайди. Ҳозир бунақа саволлар учун бошингизни оғритадиган давр эмас.
P.S.: қизиқ томони, бундан буён ўқув марказлари ва репетиторлар абитуриентларни таълим муассасасига қараб гуруҳларга бўлишса керак. Чунки 9-синфдан кейинги мавзуларни алоҳида-алоҳида ўқитишга тўғри келади.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ
