Талабалар кубоги-2018 турнири харажатлари бўйича тушунтириш
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0Manba:Zakovat intellektual klubi
«Заковат» интеллектуал ўйини доирасида ўтказилаётган «Талабалар кубоги-2018» ҳақида тушунтириш
Кўпчилик сўрамоқда, барча харажатлар Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қопланади, дейилган, лекин жамоаларнинг турнирга келиши ва кетиши, меҳмонхона ҳамда овқатланиш харажатлари қай тартибда қопланади? Шу масала бўйича айрим тушунтиришларни бериб ўтмоқчимиз.
1. Транспорт масаласи
Самарқанд, Бухоро, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги ОТМлардан бошқа барча ҳудудлардаги ОТМларнинг турнир ўтадиган жойга келиб-кетиши ташкилотчилар томонидан ташкил қилинади. Бунда ҳудуддаги иштирокчилар сонига қараб ёки автобус, ёки микроавтобус буюртма қилинган.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Сурхондарё вилоятидан иштирок этувчи жамоалар эртага, 28 октябрь куни, соат 12:00 да Термиз давлат университети ёнидан Самарқанд шаҳрига йўл олишади. Бунда ҳуддудаги бошқа ОТМ жамоалари айнан ТерДУ ёнида бўлишлари илтимос қилинади. Қайтишда ҳам айнан ўша автобус жамоаларни олиб қайтади.
Жамоалар поезд ёки бошқа транспорт воситалари учун мустақил харажат қилишлари талаб этилмайди.
Шунингдек, эртага, 28 октябрь куни, соат 12:00 да Қашқадарё вилоятидан иштирок этувчи жамоаларни Самарқанд шаҳрига олиб келиш учун автобус Қарши давлат университети ёнидан йўлга тушади.
2. Меҳмонхона масаласи
Турнир давомида масофа узоқлигини инобатга олиб Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти жамоалари учун Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида меҳмонхоналар аввалдан банд қилиб қўйилган.
Бунда Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти жамоалари Самарқанд шаҳрига турнир ўтказилишидан 1 кун аввал, яъни 28 октябрь куни етиб келишади.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти жамоалари эса Бухоро шаҳрига 30 октябрь куни етиб келишади.
ОТМлар берган аризалар асосида талабалар учун Самарқанд шаҳрида “Малика Диёра” меҳмонхонаси, Бухоро шаҳрида “Гранд Бухоро” меҳмонхонасидан жой банд қилинган.
Ушбу 4 та ҳудуддан келадиган талабаларнинг меҳмонхонада қолишлари учун ҳам ОТМлар қўшимча харажат қилишлари талаб этилмайди.
3. Овқатланиш масаласи
Турнир давомида турнир ўтадиган куни тегишли тартибда нонушта ва тушлик ташкилотчилар томонидан ташкил қилинади. Турнир ўтадиган шаҳарга 1 кун олдин келадиган ва 1 кеча тунаб қоладиган талабалар учун кечки овқат ҳам кўзда тутилган.
Талабаларнинг овқатланиши учун ОТМлар қўшимча харажатлар қилишлари талаб этилмайди.
Шунингдек, турнир ўтадиган Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилояти ҳокимликларининг ташаббуси ва кўмаги билан меҳмон талабалар учун диққатга сазовор жойларга экскурциялар ташкил қилиш ҳам режалаштирилмоқда.
Турнирга оид расмий янгиликлар «Заковат» клубининг расмий каналида:👇
https://t.me/joinchat/AAAAADxn9ogpPLTn7hbgsQ





