ЙҲХББ боди-камералар бўйича баёнот берди
ИИВ ЙҲХББ: «Вазиятга тўғри баҳо берайлик»
Йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати боди-камералар бўйича баёнот билан чиқди. Унда қуйидагича дейилади:
«Ходимларни боди камералар билан таъминлаш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, бир неча вазирлик ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда боди-камераларни ишлатиш юзасидан техник шартлар, уларни харид қилиш бўйича тендер танловлари шартлари ишлаб чиқилди, эълон қилинди. Турли савдо ташкилотларига юборилди. Уларнинг таклифлари жамланди.
Махсус комиссия томонидан ҳар бир таклиф атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида камераларнинг нархидан бошлаб, етказиб бериш шартлари ва муддатларигача кўриб чиқилди. Навбатдаги вазифа камераларни турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил холатларда, вазиятларда ишлатиб кўриш ва синовдан ўтказиш эди. Бу босқич ҳам муваффақиятли якунланди.
Боди-камералар харид қилинадиган ташкилот аниқ бўлди. Энди бутун диққат-эътибор маълумотларни сақлаш қурилмаларини харид қилиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга қаратилди. Бу осон вазифа эмас. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, баҳс-мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу дастурий таъминотни тўғри ва аниқ ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Шуни ҳисобга олган ҳолда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишларига етук мутахассислар, компаниялар жалб этилди. Ҳозирги кунгача бу ишларнинг деярли 80 фоизи бажарилди. Боди-камераларни харид қилиш юзасидан тузилган шартномада уларни етказиб бериш муддати 120 кун қилиб белгиланган. Бу таъминотчининг талаби. Ўз-ўзидан равшанки, бу муддат қарор ижросини ўз вақтида бажаришга мос келмайди.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига боди-камераларни ишга тушириш муддатларини узайтириш бўйича таклиф берилди. Камералар бутунлай бекор қилингани йўқ, фақатгина унинг ишга тушириш муддатларини узайтириш режалаштирилмоқда. Шуни тўғри тушуниш ва қабул қилиш керак».
P.S.: Яхши, тўғри тушундик ва қабул қилдик, дейлик. Лекин бир нарсани унутмангки, токи Вазирлар Маҳкамаси расман ўша қарорга ўзгариш киритиб, муддатни узайтириб бермагунгача, ҳайдовчиларни алдамайлик. ЙПХ ходимининг боди-камераси йўқми, демак, ҳайдовчида ҳужжат кўрсатиш ёки кўрсатмаслик ҳуқуқи бор. Ўша ҳуқуқини талаб қилган ва боди-камераси йўқ ходимга ҳужжатини кўрсатишни истамаган ҳайдовчиларни ортиқча диққат қилмасдан, оқ йўл тилаб қолиш керак (аслида ширин гапирса, деярли барча ҳайдовчилар ортиқча провакация қилиб ўтирмайди).
Қонун ҳужжатларига ҳамма бирдек бўйсунсин. Бор гап шу.
👉 @xushnudbek 👈


